Маълумки, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 февралдаги “Чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида чет тилларидан миллий сертификат имтиҳонлари ўтказиб келинмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Агентлик томонидан чет тили сертификатлари пулланаётгани, таниш-билишчилик орқали тақдим этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди ва мунозараларга сабаб бўлди.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мазкур хабарлар бўйича изоҳ берди.

Агентлик чет тилидан сертификат имтиҳонларини ўтказиш ва сертификат беришда холислик, адолат ва шаффофликни таъминлашда ўз принципларига содиқлигини, ҳар қандай коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлишини алоҳида таъкидлайди. Жамоатчилик билан алоқаларда доим очиқлигини билдиради.

Шунингдек, чет тилини билиш даражасини баҳолаш синовининг тинглаб тушуниш ва ўқиш қисмлари инсон омили иштирокисиз тўлиқ автоматлаштирилган тартибда текширилади. Ёзиш ва гапириш бўлимлари учун берилган жавобларни текшириш масофавий ҳолда электрон платформа орқали амалга оширилади ҳамда текширувчи экспертлар тасодифий (рандом) танланади. Ушбу тартиб баҳолашда инсон омили таъсирини минималлаштиришини таъкидлаймиз.

Агентлик фаолиятининг барча босқичлари, жумладан, синовлар ва баҳолаш натижалари жамоатчиликка очиқ бўлиб, тегишли тартибда назорат қилинади.

Агентлик томонидан ташкил этилиб, ўтказилаётган имтиҳонларда коррупция ҳолатлари кузатилса ёки талабгорлар, уларнинг ота-оналари шундай ҳолатларга гувоҳ бўлишса, Агентликнинг ишонч телефонига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари сўралади. Шу билан бирга, жамоатчиликдан тасдиқланмаган маълумотларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатмасликлари, бу ўз навбатида жавобгарликка сабаб бўлиши эслатилади.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА