Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги қадимий Миздахкон археологик мажмуаси катта майдондаги учта тепаликда жойлашган. Мажмуа Гаур қалъа, Жумард қассоб, Шамун наби, Мазлумхон сулув, Реджеб Халифа каби тарихий мақбараларни ўз ичига олган.
Бу ерда археолог олимлар томонидан олиб борилган қазиш ва илмий изланишлар пайтида кўплаб ноёб ашёлар, эски тангалар, аввалги асрларга тегишли қурилиш, ҳунармандчилик ва уй-рўзғор буюмлари топилган.
Мажмуадаги ҳар бир ёдгорлик ўз тарихига эга. Халқ оғзаки ва ёзма адабиётларда улар ҳақида турли афсона ва ривоятлар бор.
Мазлумхон сулув мақбараси XII-XIV асрларга тегишли бўлиб, ярим ер ости меъморий обидаларидан ҳисобланади. Ернинг ташқи қисмида пештоқ ва гумбаз жойлашган. Ёдгорликнинг асосий қисми ва марказий бинолари эса пастки қаватда бўлиб, унга зинапояли йўлак орқали бориш мумкин. Мақбаранинг марказий зали квадрат шаклида қурилган. Унинг саккиз бурчак гумбаз билан ёпилган учта чуқур ва битта унча чуқур бўлмаган туйнуклари бор.
Ушбу мақбарага оид афсона мавжуд: Маҳаллий ҳукмдорлардан бири кимки ғайриоддий нарса яратиб, дунёни лол қолдирса, унга ўз қизини беришга қарор қилади. Унинг қизига ошиқлардан бири ерости бино қуриб, унинг гумбазини ернинг сиртида қолдиради. Шунда ҳукмдор ҳалиги йигитдан битмаган гумбаздан ўзини пастга ташлаб, муҳаббатини исботлашини сўрайди. Йигит ўзини ташлайди…
Мақбарадаги иккита қабр Мазлум ва унинг севгилисига бағишланган. Мазкур мақбара 2017-2018 йилларда қайта таъмирланган.
Шамун Набий мақбараси эса XIII-XIV асрларга тегишли. Ёдгорлик мақбара ва тиловатхона қисмларидан ташкил топган. Афсонага кўра, Шамун Набий моҳир сеҳргар бўлган. У жуда кўп инсонларга ёрдам берган, эҳтимол шу сабабли ҳануз зиёратга келувчилар ғиштларни териб хаёлан ниятларини унга йўллайди.
Жумард қассоб ёдгорлиги ҳақида ҳам афсона мавжуд. Унга кўра, бу ерда қачонлардир Жумард исмли бой яшаган. У қассоб бўлиб, ҳосил баракасиз бўлган йиллар атрофдагиларга бепул барра гўшт улашган. Шу билан бирга Жумард чорвадорлар ҳомийси ҳам бўлган.
Баландликнинг ғарбий томонида мажмуанинг яна бир қизиқ қисми, яъни XI-XIV асрларга тегишли Реджеб Халифа ёдгорлиги мавжуд. Бир пайтлар муҳташам иморат ҳисобланган бино жуда эскирган. Деворлари хом ғиштдан кўтарилган бўлиб, устидан пишган ғишт қопланган. Пештоқ қулаган ернинг пастки қатламларидан қачонлардир бинони безашда хизмат қилган XIII-XIV асрларга тегишли рангли кошинларнинг қолдиқлари топилган.
Иншоотни икки қисмга ажратувчи ички хоналардан чиқиш йўлига қараб, олимлар бу бино ҳам ўғил болалар, ҳам қизлар ўқиган масжид-мадраса сифатида хизмат қилганини тахмин қилади. Бироқ, XIV асрда ички кўмиш биноси пайдо бўлгач, иншоот мақбара мақомига эга бўлган. Бу вақтда бинонинг ғарб томонидан олдига зиёратчилар учун хоналар қурилган. Ҳозирда бу ёдгорликда таъмирлаш ишлари амалга ошириляпти.
Гауир қалъа милоддан аввалги IV-III асрларга тегишли Миздахкон комплексининг жанубий-ғарбидаги тепаликда жойлашган тарихий ёдгорлик. Бу антик қалъа Зороастризм даврига оид. Тарих фанлари доктори В. Ягодин фикрига кўра, Миздакхонда энг дастлабки аҳоли манзилгоҳи милоддан олдинги IV-III асрларда, яъни ўтмишимизнинг Қангюй даври, деб аталадиган пайтларида Гауир қалъа ҳудудида вужудга келган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА