Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги Ҳарбий ва фуқаролик картография идоралари раҳбарларининг 1-йиғилиши бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Туркия Республикасининг пойтахти Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси кадастр агентлиги директори Ф.Пулатов бошчилигидаги делегация Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасидаги Ҳарбий ва фуқаролик картография идораларининг илк раҳбарий учрашувида иштирок этди, деб хабар берди агентлик матбуот хизмати.
Хабарга кўра, тадбир бошида сўзга чиққан Миллий мудофаа вазири ўринбосари Шуай Алпай ўзаро ҳамкорликни туркий дунёнинг муҳим қадами дея эътироф этган.
Қайд этилишича, йиғилиш кун тартибидан:
— ТДТга аъзо давлатларнинг соҳадаги фаолияти ҳамда стратегиялари билан танишиш;
— геодезия ва картография фаолияти билан танишиш;
— мазкур йўналишда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар билан иштирокчиларни таништириш каби масалалар ўрин олган.
Шунингдек, тадбир доирасида бир қатор идора раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтган.
Жумладан, Кадастр агентлиги ва Туркия ерни рўйхатга олиш ва кадастр бош бошқармаси ўртасида идоралараро учрашув ўтказилган.
Жорий йилнинг 6 июнь санасида Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Кадастр агентлиги ҳамда Туркия Республикаси Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ерни рўйхатга олиш ва кадастр бош директорати ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисида Баённома ижроси юзасидан кўчмас мулкни рўйхатга олиш, давлат хизматлари, ахборот тизимлари, соҳага доир норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ва малака ошириш йўналишларида тажриба алмашиш кўзда тутилган идоралараро Ҳаракатлар режаси имзоланган.
ЎзА