Владимир Зеленский идораси раҳбари Андрей Ермак ва Украина мудофаа вазири Рустам Умеров шу ҳафта АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти вакиллари билан учрашиб, Оқ уйни узоқ масофага мўлжалланган Америка қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга қўйилган чекловни олиб ташлашни сўрамоқчи.

Украиналик мулозимлар Вашингтонга “Киевга қарши ҳарбий амалиёт йўналишини ўзгартиришни қийинлаштирадиган” “устувор мақсадлар” рўйхатини ҳам тақдим этмоқчи.

Таъкидланишича, Умеров жума куни мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашади. Ермак ким билан мулоқот ўтказиши ҳақида маълумот берилмаган, бироқ у аввалроқ Вашингтонда Давлат котиби Энтони Блинкен ва Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан билан музокарага ишора қилганди.

Сешанба куни Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер журналистларга Зеленский Ғарбни Россия ҳудудига ракета зарбаси берилиши бўйича тақиқни бекор қилишга чақираётганига қарамай, ҳали жорий чеклов бекор қилиниши режалаштирилмаганини айтди.