Афғонистон маъмурияти Озарбайжондан шу йил Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТ иқлим ўзгариши бўйича конференцияси – “COP29”да иштирок этиш учун ёрдам сўради.

“Анадолу” ёзишича, Афғонистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий агентлиги бош директори Мотиул Ҳақ Холис Кобулда Озарбайжоннинг ушбу давлатдаги элчиси Илҳом Муҳаммедов билан учрашув ўтказган.

Мулоқот давомида халқаро ҳамжамият Афғонистон билан экологик масалада етарли даражада ҳамкорлик қилмаётганини қайд этган Холис Озарбайжондан мамлакатини ушбу нуфузли анжуманда иштирок этиш масаласида қўллаб-қувватлаш, айни йўналишда ёрдам бериш учун чора кўришни сўраган.

Маълумотга кўра, сўров тегишли тузилмаларга юборилади.

Эслатиб ўтамиз, 11-22 ноябрь кунлари Озарбайжонда БМТ иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси бўлиб ўтади.