–
Шри-Ланкада президент сайловига 39 номзод рўйхатга олинди
Сиёсий тадбир 21 сентябрь куни бўлиб ўтади, деди орол сайлов комиссияси раҳбари Рмал Ратнаяке. Унинг айтишича, аввал президентлик пойгасида иштирок этиш учун бадал тўлаган 40 номзоддан бири расман рўйхатга олинмаган. Шу тариқа аҳоли бюллетенда кўрсатилган 39 даъвогардан бирини сайлаши керак. Курашга киришганларнинг 23 нафари сиёсий партия вакили, 17 нафари мустақил номзод.
Хабарда айтилишича, рўйхатда амалдаги етакчи Ранил Викрамасингхе ҳам бор.
Шри-Ланкада президент беш йил муддат билан сайланади ва иккинчи муддатга ҳам қолиши мумкин.
Мексикадаги президент сайловида Шейнбаум ғалабаси тасдиқланди
Мексика Қўшма Штатларида илк бор сайланган аёл Президент Клаудия Шейнбаум 2024 йил 1 октябрда вазифасини бажаришга киришади.
Миллий сайлов институти сайтида эълон қилинган сўнгги маълумотга кўра, 2 июнда бўлиб ўтган президент сайловида Шейнбаум учун сайловчиларнинг 59,75 фоизи овоз берган.
Ҳиндистон камикадзе-дрон яратди
Мазкур ўзи учар қуролнинг парвоз узоқлиги минг километр, дейилади NDTV телеканали тарқатган хабарда.
Миллий аэро фазо лабораторияси (NAL) мутахассислари томонидан яратилган ҳужумкор қурилма Ҳиндистон Фан ва саноат тадқиқотлари кенгашининг мудофаа эҳтиёжи учун янги қурол яратиш дастури доирасида, фақат маҳаллий технология асосида тайёрланган. Жараёнда Украинада қўлланган дрон бўйича олинган тажрибадан фойдаланилган. Бу ҳақда NAL директори Абхай Пашилкар маълум қилди.
Узунлиги 2,8 метр, оғирлиги 120 килограмм, қаноти 3,5 метрга ёйиладиган, соатига 180 километр тезликда уча оладиган “Swadeshi” 28 килограммгача жанговар қуролни кўтара олади.
Эрдоған: БМТ Хавфсизлик Кенгашини тезроқ ислоҳ қилиш зарур
Туркия Президентининг БМТ ислоҳотига оид фундаментал тезислари 2021 йил сентябрь ойида чоп этилган китобида баён этилган.
Режеп Таййип Эрдоған Хавфсизлик Кенгаши шошилинч ва туб ислоҳотга муҳтожлигини айтиб, мурожаатини Бош котиб Антониу Гутерришга ҳам йўллаган. У аввал ҳам БМТ тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаб, “дунё бешликдан”, яъни Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси – Россия, АҚШ, Хитой, Буюк Британия ва Франциядан иборат эмаслигини таъкидлаган.
Хитой 6 август куни учирилган ракетаси портлаб кетганини маълум қилди
Хитой ўзининг 6 августда 18 йўлдош билан бирга учирилган “Long March 6A” ракетаси самода портлаб кетганини маълум қилди, деб ёзди “Блумберг” агентлиги.
АҚШ коинот қўмондонлиги аввалроқ Хитой ракетаси парчаланиб, Ер орбитаси атрофида 300 дан кўп синиқ бўлак сочилиб кетганини маълум қилганди.
Маълум қилинишича, ракета портлаши сўнгги ўн йилликда коинот чиқиндисининг энг йирик манбаларидан бирига айланган.
“Google” иккига бўлинадими?
АҚШ Адлия вазирлиги “Google”ни икки тузилмага бўлиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бунга ўтган ҳафта Вашингтон суди компания интернет-қидирув бозорида монополист каби ҳаракат қилмоқда, дея хулоса чиқаргани сабаб бўлди. Яъни, “Google” монополияга қарши кураш тўғрисидаги қонунни бузган, деб ёзди “Блумберг” манбаларга таяниб.
Таъкидланишича, суд бундан 20 йил аввал “Microsoft” компаниясини ҳам иккига бўлиб юборишни ният қилган, бироқ уддалай олмаган.
Манбаларга кўра, агар Адлия вазирлиги ушбу режани илгари суришга қарор қилса, “Android” амалиёт тизими ва “Chrome” веб-браузери энг кўп ҳибсга олинадиган бўлинмалар бўлиши мумкин. Қўшимча қилинишича, амалдорлар компания матнли реклама сотиш учун фойдаланадиган “AdWords” платформасини мажбурий сотишни ҳам кўриб чиқмоқда.
Бангладеш Бош вазири ўз истеъфосида АҚШнинг қўли борлигини айтди
Бангладеш собиқ Бош вазири Шайх Хасина ўз истеъфосига АҚШнинг алоқаси бор, деб ҳисоблайди. Зеро, у Авлиё Мартин оролини ҳарбий база қуриш учун Америкага беришдан бош тортган. Бу маълумот Хасинанинг “Economic Times” ихтиёрига келиб тушган мактубида келтирилган.
Аввалроқ “Fisrtpost” нашри мазкур амалга ошмаган келишув ҳақида хабар берган эди. Бу орол Бенгал кўрфазида жойлашган бўлиб, мамлакатнинг энг жанубий қисми ҳисобланади.
– Мен Бош вазирликдан кетдим, – деган Хасина. – Агар Авлиё Мартин ороли суверенитетидан воз кечиб, Америка Бенгал кўрфазини назорат қилишига рухсат берганимда, ҳокимиятда қолишим мумкин эди.
С.Раҳимов, ЎзА