2006 йил тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган доктор Муҳаммад Юнус расман Бангладеш муваққат ҳукумати раҳбари этиб тайинланди, деб ёзди “Dhaka Tribune” газетаси Президент матбуот котиби Жойнал Абединга таяниб.

Аввалроқ газета Юнус талабалар “инқилоби” етакчиларининг “муваққат ҳукуматга бош маслаҳатчи сифатида раҳбарлик қилиш” таклифига рози бўлгани ҳақида хабар берган эди. “Daily Star” нашри эса Муҳаммад Юнус ҳозир Францияда экани, Олимпиадани томоша қилиб, бир йўла даволанаётгани, тез орада Бангладешга қайтишини маълум қилган.

Ҳафта бошида Бош вазир Хасина синглиси билан бирга тартибсизлик туфайли хавфсиз жойга ўтиш учун пойтахт Даккадаги расмий қароргоҳни тарк этди. Баъзи нашрлар у истеъфо бериб, Ҳиндистоннинг Агартала шаҳрига учиб кетгани, ҳинд нашрлари эса собиқ Бош вазир Буюк Британиядан бошпана сўрагани тўғрисида ёзди.

Талабалар, полиция ва ҳукумат тарафдорлари тўқнашувида шу кунгача камида 300 киши ҳалок бўлган. Ҳукумат Дакка ва бошқа айрим шаҳарларда комендантлик соати тартибини ўрнатган.