Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи ниҳоясига етди. Расмий ташрифи доирасида қатор олий даражадаги тадбирлар ўтказилди.
Музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларация ва 19 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
***
Франция Украинага “Mirage 2000” қирувчи самолёти юборади, дея баёнот берди Президент Эммануэль Макрон BFMTV телеканалига берган интервьюсида.
Йил охиригача украиналик учувчиларни тайёрлаш дастури иш бошлайди.
***
80 дан зиёд ноқонуний мигрант ўтирган қайиқ Британия соҳилига сузаётиб, Ла-Манш бўғозида ағдарилиб кетган. Айни пайт кенг кўламли қутқарув амалиёти олиб борилмоқда.
“Telegraph” газетаси хабарига кўра, қутқарув ишига британиялик ва франциялик мутахассислар жалб қилинган. Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
***
– Ўтган йил 7 октябрдан буён Ғазода ҳалок бўлганлар сони 36 586 кишига етди, – дейилган сектор соғлиқни сақлаш идораси хабарида. – 83 минг 74 киши жабрланди.
***
Германия мудофаа вазири Борис Писториус “ГФР яқин йилларда Россия билан урушга тайёрланиши керак” мазмунида баёнот берди. “Focus” нашри унинг гапларини шундай келтирган:
– Германия 2029 йилгача урушга тайёрланиши керак. Россиянинг Украинадаги ғалабаси Берлинга Украина Қуролли кучларига берилаётган ҳарбий ва молиявий ёрдам туфайли қимматга тушади.
***
АҚШ Президенти Жо Байден жума куни Францияда Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашади, деб хабар тарқатди Оқ уй.
АҚШ етакчиси расмий жадвалига кўра, мулоқот Париждаги “InterContinental Paris Le Grand Hotel” меҳмонхонасида ўтади.
Айни пайт Байден рафиқаси билан иттифоқчи қўшинлар Нормандия соҳилига туширилганига 80 йил тўлиши муносабати билан режалаштиришган тадбирларда иштирок этиш учун Францияда бўлиб турибди.
***
Президент Эммануэль Макрон маҳаллий ОАВга берган интервьюсида Украина Қуролли кучларига Франция берган қурол билан Россия ҳудудига зарба бериш учун рухсат берилгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.
– Украинага берилган қурол билан бегуноҳ аҳолига ҳужум қилишга рухсат бермаймиз, ҳужум қилинаётган нуқталарни зарарсизлантириш бўлса, майли, – деган Франция етакчиси TF1 эфирида чиқиш қилиб.
Аввалроқ қатор ғарб сиёсатчилари Украина НАТО берган қурол билан Россия ҳудудига зарба беришга ҳақли, дея баёнот берганди.
***
Арманистон ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда мамлакат тинчлик шартномасини тасдиқлашга тайёрлиги қайд этилган:
– Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик келишувини имзолаш вақти келди, Арманистон томони ишни ниҳоясига етказиш ва бир ой ичида ҳужжатни имзолаш устида конструктив ва жадал ишлашга тайёрлигини билдиради, – дейилади мамлакат ТИВ сайтида эълон қилинган баёнотда.
***
БМТ Бош Ассамблеяси пайшанба куни Камеруннинг собиқ Бош вазири Филемон Янгни 79-сессияга раис этиб сайлади, деб ёзди “Синьхуа” агентлиги.
Янг 78-сессия раиси Тринидад ва Тобаго сиёсатчиси Дэннис Фрэнсис ўрнини эгаллайди.
***
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг АҚШдаги ҳарбий атташесига Исроилни қора рўйхатга тушган мамлакатлар сафига қўшишга қарор қилинганини маълум қилди. Бунга қуролли можаро кечаётган ҳудудда болаларга зарар келтирилгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Бу ҳақда Исроил телевидениесининг 13-канали хабар тарқатди. Таъкидланишича, БМТнинг янгиланган қора рўйхати келаси ҳафта эълон қилинади.
– Исроил ушбу қарор дунё мамлакатлари томонидан Тель-Авивга нисбатан санкция қўллашга сабаб бўлишидан хавотир олмоқда, – дейилган хабарда. –Бу чора, жумладан, мамлакатга қурол етказиб берилиши жараёнига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА