Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида U18 ёш тоифасидаги хоккейчилар ўртасида ўтказилган Осиё-Океания чемпионати якунланди. Унда жами 10 та терма жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этди.
Мазкур мусобақанинг финал баҳсида Ўзбекистон ва Таиланд терма жамоалари ўзаро рақобатлашди. Ушбу ўйинда жамоамиз сафида Тимур Ҳабибов ва Абдуқаюм Абдувосиқов шайбаларни рақиб дарвозасига аниқ жойлаб қўйди ҳамда 2:1 ҳисобидаги ғалабамизни таъминлади. Бу натижа эса Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси учун мусобақа кубогини тақдим этди.
Шунингдек, 3-ўрин учун кечган баҳсда Мўғулистон термаси БАА терма жамоасини 4:2 ҳисобида мағлуб этди ва бронза медалларига эга чиқди.
Маълумот учун, ўтган йили Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида биринчи маротаба ўтказилган мазкур мусобақада Ўзбекистон U18 терма жамоаси бешта ўйиннинг барчасида зафар қучиб, кубок эгасига айланган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА