Қатарда U23 ёш тоифасида ўтаётган Осиё кубогининг дастлабки чорак финал жуфтликлари аниқ бўлди.
Аниқроғи, мусобақанинг «Б» ва «С» гуруҳларида навбатдаги босқични қўлга киритган терма жамоалар номи аниқ бўлди. Жумладан, «Б» гуруҳида БАА ва Хитой ёшлар терма жамоаси баҳси 1:2 ҳисобида якунланган бўлса, Япония ҳамда Жанубий Корея термалари ўртасидаги ўйинда 0:1 ҳисоби қайд этилди.
Шунингдек, «С» гуруҳида кутилмаган ҳолат юз берди. Гуруҳда унчалик ўйини қовушмаган Тожикистон уйга қуруқ кетишни истамади ва чорак финал остонасида турган Таиландни 1:0 ҳисобида енгган бўлса, Саудия Арабистони кутилмаганда Ироқ олимпия терма жамоасига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Шу тариқа, «Б» гуруҳида Жанубий Корея 9 очко билан, Япония 6 очко билан чорак финалга чиқди. Энди 1/4 финал босқичида Қатар – Япония, Жанубий Корея – Индонезия баҳсига гувоҳ бўламиз.
«С» гуруҳида эса Ироқ ва Саудия Арабистони термалари 6 очкодан тўплаган ҳолда плей-оффга йўл олди. Уларнинг рақиби бугун «Д» гуруҳида аниқланади.
Биз учун аҳамиятли бўлган «Д» гуруҳида Тошкент вақти билан соат 20:30 да Ўзбекистон ва Вьетнам терма жамоалари гуруҳ ғолиблиги, тўғрироғи, чорак финалдаги рақиб танлаш борасида беллашади. Иккинчи ўйин эса Малайзия ҳамда Қувайт термалари ўртасида ўтади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда олимпиячиларимиз гуруҳда Вьетнам билан бир хил 6 очко тўплаган ва голлар нисбатига кўра, Ўзбекистон биринчи ўринда. Бугунги ўйинда терма жамоамиз мағлуб бўлсагина чорак финалда Ироқ билан ўйин ўтказади. Қолган ҳар қандай натижа Саудия Арабистонига қарши учрашув томон олиб боради.
Темур Кападзе қўл остидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоамиз ҳар қандай рақибга қарши юқори савияда ўйнай олади. Шу ўринда, терма жамоамиз таркибига Аббосбек Файзуллаев келиб қўшилди ва жамоа билан машғулот ўтказди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА