Жорий йилнинг 26 июль-11 август кунлари Франция спорт майдонларида ўтадиган «Париж-2024» Олимпия ўйинларининг бокс мусобақалари кўпчилик чарм қўлқоп ишқибозларининг диққат марказидаги мусобақалардан бири саналади.
Хўш, бу галги тўрт йиллик ўйинларда бокс баҳслари эркаклар ва аёллар ўртасида қанча вазнда ўтказилади? Умумий ҳисобда қанча боксчи иштирок этиши белгиланган? Ёзги Олимпия ўйинларининг йўлланмалари учун ўтказилаётган саралаш мусобақалари қайси ҳолатда? Бугунгача қайси давлат қанча йўлланмаларни қўлга киритди, яна қанча йўлланма қайси мусобақаларда ўз соҳибларини топади?
Дарҳақиқат, бугунгача Халқаро олимпия қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган лицензион мусобақаларнинг Европа, Африка, Осиё, Америка, Тинч океани имнтақаси мамлакатлари учун саралаш мусобақалари ўтган йили якунланган бўлса, куни куни кеча Италияда 1-Олимпия саралаш мусобақасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Фақат жорий йилнинг 23 май-5 июнь кунлари Бангкокда ўтадиган Олимпия ўйинларига иккинчи саралаш мусобақасида 28 та эркак ва 23 та аёл спортчига ажратилган квоталар учун жанглар бўлиб ўтади.
Италияда Париж Олимпиадасига йўлланма берувчи 1-саралаш турнирида белгиланган 49 та йўлланма ўз соҳибларини топди.
Эътиборли жиҳати, 3-11 март кунлари ўтказилган мазкур турнирда Ўзбекистон боксчилари 5 та йўлланмани қўлга киритди. Шунингдек, қўшни Қозоғистон терма жамоаси ҳам 5 та йўлланмага эга чиқди. Мезбон Италия 4 та йўлланмага эга чиққан бўлса, Польша 3 та, Филиппин, Норвегия, Буюк Британия, Германия, Колумбия терма жамоалари 2 тадан, АҚШ, Туркия, Франция, Куба, Бразилия, Озарбайжон каби 21 та давлат терма жамоалари 1 тадан йўлланмани қўлга киритди.
Айтиш лозим, «Париж-2024» Олимпиадасида умумий ҳисобда 248 нафар боксчи иштирок этса, шундан 124 нафари эркак ва 124 нафари аёл боксчилардир. Бу, ўтган «Токио-2020» Олимпия ўйинларидан 41 та кам деганидир.
Бокс бўйича «Париж-2024» йўлланмаларини қўлга киритган давлатлар ҳолатига эътибор қаратсак, ҳозирда Олимпия ўйинларининг бокс мусобақалари учун энг кўп йўлланмаларга эркаклар ва аёллар ҳолатида Австралия эга бўлиб турибди. Ушбу давлат вакиллари 12 та йўлланмани қўлга киритган бўлса, шундан 6 та эркаклар ва 6 та аёллар вазнида. Ундан кейинги ўринда бораётган Бразилия терма жамоаси 10 та йўлланма соҳиби, мамлакатимиз боксчилари 9 та йўлланмага эга бўлган. Шундан эркаклар вазнида 7 та йўлланма қўлга киритилган бўлса, аёллар вазнида 2 та йўлланма нақд қилинди.
Боксчи қизларимиз энди Таиландда ўтадиган сўнгги саралаш мусобақасида қолган йўлланмаларга эга чиқиш учун ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, «Париж-2024» Олимпиадасида эркаклар 7 та, аёллар 6 та вазн тоифасида тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси медаллари учун жангларда иштирок этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА