ФОТОРЕПОРТАЖ

Пойтахтимиздаги кўп тармоқли “Humo Arena” спорт мажмуасида “Катта дубулға” турнири старт олди. “Париж-2024” Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколарини тақдим этувчи беллашувларда 68  мамлакатнинг 500 га яқин маҳоратли дзюдочилари иштирок этмоқда.

Кеча ўтказилган беллашувларда аёллар 46, 52, 57 килограммда, эркаклар 60 ва 66 килограммда ғолиблик учун кураш олиб борди.

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Достон Рўзиев Тошкент “Катта дубулға” турнирида ҳамюртларимизнинг илк медалига муаллифлик қилди. Спортчимиз -60 кг вазн тоифасида кечган финал баҳсида жаҳон чемпионати совриндори, грузиялик Гиорги Сардалашвилини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди

Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” турнири янги номларни кашф этиб бермоқда. Улар орасида бугунги кун қаҳрамони Гулҳаё Жўраевани алоҳида таъкидлаш ўринли. -52 кг вазн тоифасининг финал баҳсида франциялик Амандин Бушарга имкониятни бой бериб, фаолиятида илк бор катталар ўртасидаги йирик мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди.

Бугун халқаро турнирнинг иккинчи кунги баҳсларида дзюдочи йигитлар 73, 81 ва 90 килограммда, аёллар 63 ва 70 килограмм оғирликдаги беллашувларда медаллар учун курашларни ўтказади. Улар орасида маҳоратли дзюдочиларимиз Муроджон Йўлдошев, Шаҳрам Аҳадов, Обидхон Нўмонов, Шарофиддин Болтабоев, Ҳикматуллоҳ Тўраев, Давлат Бобонов қатори Мусо Собиров, Нурбек Муртазоев, Шаҳзодхўжа Шарипов, Жалолиддин Қурбонмуродов, Азизбек Авазмуродов, Муҳаммад Жумаев сингари ёшларимиз ҳам ўз омадини синовдан ўтказади.

Шунингдек, аёллар ўртасидаги 63 килограмм вазнда Севинч Исоқова, Маржона Нуруллоева, Сарвиноз Ҳусанова, Фарангиз Ҳожиева, 70 килограмм оғирликда Гулноза Матниязова, Шоҳиста Назарова, Барчиной Қодирова, Хуршида Раззоқбердиева “Катта дубулға” гиламга чиқади.

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА