Бугун, 28 февраль куни пойтахтимизда гандбол бўйича ўн саккиз ёшгача (U-18) ва йигирма ёшгача (U-20) бўлган қизлар жамоалари ўртасидаги “IHF Trophy” турнирининг қитъалараро босқичи мусобақалари бошланади.
Европа, Осиё, Жанубий ва Марказий Америка, Шимолий Америка ва Кариб ҳавзаси, шунингдек, Океания ҳудудлари босқичларида ғолиб чиққан 9 давлатнинг гандбол жамоалари айни кунларда бошланажак қизғин баҳсларга ҳозирлик кўрмоқда.
Мусобақалар пойтахтимиздаги “Алпомиш” спорт мажмуаси ҳамда Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг гандбол залида бўлиб ўтади.
Бугун “Алпомиш” спорт саройи U-18 жамоалари ўртасидаги илк ўйинда Нигерия – Гваделупа, U-20 жамоаларининг дастлабки учрашувида Ўзбекистон – Гватемала, Перу – Буюк Британия, Ўзбекистон – Мексика жамоаларининг ўйинлари ташкил этилади.
Кеча Халқаро гандбол федерациясининг масъул мутахассислари иштирокида “IHF Trophy” турнирининг ҳакамлари ҳамда иштирокчи жамоа вакиллари учун мусобақа олди семинар ўтказилди.
Мажлисда жамоаларнинг мусобақадаги иштироки, ўтказиладиган ўйинлар, гандболчиларнинг қандай рангдаги кийимларда майдонга тушиши ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Айтиш лозим, учрашувларни Саудия Арабистони, Қувайт, Словакия, Тунис, АҚШ ва Ўзбекистоннинг энг сара ҳакамлари бошқариб боради. Халқаро турнир баҳслари 3 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА