Куни кеча Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари Президентлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги кун тартибини белгилаб олди. Етакчилар тор доирада ҳамда мамлакатлар расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди.
Ушбу ташрифига тайёргарлик доирасида қатор тадбирлар ҳам ўтказилди. Бу ўринда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар, ректорлар, тиббиёт ходимлари форумлари муваффақиятли ўтказилганини қайд этиш лозим.
Маълумотларга кўра, кейинги йилларда икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликда ижобий суръат қайд этилган. Келгусида ушбу кўрсаткични сезиларли ошириш мақсади бор.
Келишувлар, ҳамкорлик алоқаларининг истиқболи хусусида бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари фикрлари билан қизиқдик.
Лазиз ҚУДРАТОВ, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири:
– Беларусь Республикаси Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида ташкил этилган тадбирлар натижасидан икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш истаклари юқорилигини англаш мумкин. Бу икки давлат рақобатчи эмас, балки бир бирини тўлдирувчи саналади. Қатор истиқболли ҳужжатлар имзоланди. Булар фармсаноат, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳаларидаги келишувлардир. Машинасозлик, электротехника йўналишида ҳам қўшма лойиҳалар олиб борилади. Бу билан чекланилмайди. Мамлакатимиз экспортни жадал ривожлантириш йўлидан бормоқда. Шу сабабдан томонлар ўзаро келишган ҳолда жаҳон бозорларида талабгир бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Бу товарларни учинчи давлатга сотиш бўйича қўшма лойиҳа бошладик. Ўйлайманки, бу икки томон учун ҳам самарали бўлади.
Александр РОГОЖНИК, Беларусь Республикаси саноат вазири:
– Бугун юртингиз шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бу тараққиёт халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Шу ўринда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари истиқболи бўлаётганига тўхталиб ўтишни истардим. Қишлоқ хўжалиги ривожи учун махсус техникаларнинг ишончли бўлгани мақсадга мувофиқ. Учрашувларда, икки кунлик форум натижасида муҳим шартномалар имзоланди. Саноат соҳаси кесимидаги, хусусан, дизель генераторли компрессор станцияларининг лицензияланган йиғилиши, махсус трактор ва комбайнларга оид келишувлар эътиборга молик. Барча йўналишдаги ҳамкорлигимиз икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишонамиз.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ, Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири:
– Беларусь делегацияси ташрифи доирасида олий ҳамда профессионал таълимни ривожлантириш бўйича қатор келишвулар бўлди. Жумладан, Беларусь Республикасининг Технологиялар институти билан ҳамкорликда Фарғона ҳамда Қарши шаҳридаги биттадан тегишли йўналишдаги институтда технопарк ташкил этилади. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг ўн тўртта ҳудудида профессионал таълим бўйича махсус компетенция марказлари яратилади. Шунингдек, дуал таълим тизими йўлга қўйилади. Юқори босқичда таълим олаётган талабаларимиз маълум муддат Белорусда электротехника, машинасозлик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда амалиёт ўташи йўлга қўйилади.
Қабул қилинган қарорлар ҳамда имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси” тайёрланмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири