Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманида этномаданий меросларнинг сақланиши, миллий ҳунармандчилик ва халқимизнинг маданий меросини тарғиб қилиш, ички туризмни ривожлантириш мақсадида «Etno Karavan Saray» фестивали ўтказилди.
– Президентимизнинг 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ҳокимлик ташаббуси билан ташкил қилинган тадбир ҳудудга сайёҳларни жалб қилиш, саёҳатчиларга табиат қўйнида дам олишлари учун қулай шароитлар яратишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди, – дейди Қанликўл тумани ҳокими ўринбосари Қуролбай Абдукаримов.
«Etno Karavan Saray» фестивали эрталаб бошланиб, меҳмонлар дастлаб тумандаги «Тайир Қара хўжа» асаларичилик хўжалигида бўлишди. Дастлаб 10 қути асалари билан иш бошлаган хўжаликда бугунги кунда асалари қутилари 100 тага етган. 10 киши доимий иш билан банд.
Фестиваль иштирокчилари хўжаликда олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Тумандаги яна бир эътиборли тадбиркорлик субъектлардан бири – Балиқчилар қишлоғидаги «New Golden Lake» балиқчилик хўжалигидир.
Хўжалик шинамгина кўл бўйида жойлашган. Бу ерда сайёҳлар табиат қўйнида дам олиб, балиқдан ҳар хил таомлар тайёрлаб, ов туризмидан завқ олиши мумкин. Фермер хўжалигида балиқчиликни ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Тумандаги «Alim Seyis» йилқичилик хўжалиги шу йили фаолиятини бошлади. Бугунги кунда хўжаликда боқилаётган отлар пойгаларга тайёрланиб, тўй-маърака, мусобақаларда қатнашмоқда. Хўжаликдаги отлар инглиз, қорабайир ва ахалтеке отлари наслларидандир. Ҳозирги кунда бу отларнинг бош сони кўпайтирилмоқда. Мазкур хўжаликда яна 5 гектар майдонда мевали боғ ўстирилмоқда, туячилик ҳам йўлга қўйилиб, халқни шубат ва қимиз билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Тумандаги «Қайпназарова Сайёра» чорвачилик фермер хўжалигида 100 дан ортиқ қора мол боқиш бўйича яйлов ер майдонлари ажратилиб, ҳозирги кунда қишки озуқа ем базасини тўплаш ишлари олиб борилмоқда. Бу хўжаликда ҳам асосан наслли молларнинг бош сонини кўпайтириш режалаштирилган.
Чорвачилик хўжаликларига сафар уюштирган фестиваль иштирокчилари «Ёлғиз чўпон» композицион намойишини, тумандаги «90 йиллар» музейини ҳам томоша қилди. Замонавий ва миллий «Arba» этномаданий марказининг очилиш маросимида қатнашди.
Байрам тадбирлари миллий кийимлар кўргазмаси ва санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
Есимхон Қаноатов, ЎзА