Нукус шаҳри марказидаги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат байроқлари ўрнатилган майдонда “Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида” ги қонун қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, барчани ушбу кун билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, “Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида” ги қонун 1992 йил 14 декабрда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ХI сессиясида қабул қилинган. Байроқ яхшилик, донишмандлик, поклик, гўзаллик, тинчлик ва янгиланиш каби туйғуларни ўзида жамлагани билан аҳамиятли. Шундай экан, давлат байроғини кўз қорачиғидек асраш, уни улуғлаш ва баландларга кўтариш – ҳар биримиз учун она Ватан олдидаги фарзандлик бурчимиз эканлиги қайд этилди.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси учун қабул қилинган фармон ва қарорлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА