Об-ҳавонинг кескин совуқ кунларида истеъмолчиларнинг энергия ресурсларига эҳтиёжи ортиши табиий ҳол. Бу эса электр узатиш тармоқларида ҳамда трансформатор пунктларида ортиқча кучланишни келтириб чиқариши ва уларнинг тизимдан узилишига сабаб бўлиш эҳтимоли ортади. Мана шундай ҳолат 12 декабрь куни Нукус шаҳридаги “Сарбиназ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 170-трансформатор пунктида юз берди.
Тунги соат 22:00 чамасида ортиқча кучланишга бардош бера олмаган трансформатор пунктининг асосий қисмлари “куйиб” кетганлиги ҳақидаги хабар шаҳар электр таъминоти корхонасига берилгандан сўнг, носозлик юз берган ҳудудга 5 нафар ходимдан иборат навбатчи бригада жўнатилди. Мутахассислар об-ҳавонинг -20 даража бўлишига қарамасдан, ўзларининг бор маҳоратини ишга солиб, топшириқни тез ва сифатли бажаришга эришди. Яроқсиз ҳолга келган трансформатор янгисига алмаштирилди. Икки соатдан сўнг маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси барқарор электр таъминотига уланди. Қишнинг ҳозирги аёзли кунларида коммунал хизмат соҳаси ходимларини бугуннинг ҳақиқий қаҳрамонлари, десак муболаға бўлмайди.
Гапириш осон бўлгани билан ноқулай об-ҳаво шароитида носозликни бартараф этиш машаққатли меҳнатни талаб қилади. Бу эса электр таъминоти устаси Уразали Тажимуратов раҳбарлигидаги навбатчи бригаданинг кундалик иш жараёнидан биргина мисол эди. Қорақалпоғистонлик энергетиклар 24 соатлик иш режимида аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири