Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилган бўлим бошлиғи ушланди.

Фуқаро Н.З. фуқаро Р.А.нинг Нукус шаҳридаги нотурар биноси кадастр ҳужжатларини танишлари ёрдамида расмийлаштириб бериши эвазига 5 миллион сўмни қўлга киритиб, яна 1,8 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, Н.З.нинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда Кадастр агентлиги Мўйноқ туман бўлими бошлиғи С.А. фуқаро Р.А.нинг нотурар биноси кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериши эвазига Н.З. орқали қўлга киритган 5 миллион сўмни қайтариб бераётган вақтида ушланди. Ушбу бино кадастр ҳужжатлари ва 5 миллион сўм ашёвий далил сифатида олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири