Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида иш бошлаган “Беруний чеварлари” корхонасида имконияти чекланган, кам таъминланган 100 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.
 
– Янги очилган корхонага ишга қабул қилинган хотин-қизлар туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан касбга қайта ўқитилди, – дейди Беруний тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Роза Машарипова. – Бандлиги таъминланган 100 нафар хотин-қизнинг 10 нафари имконияти чекланганлардир.
Корхона биноси олдин Пахта тозалаш заводининг эски биноси бўлган. Унга 205 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 206 миллион сўмлик замонавий тикув машиналари ва бошқа техникалар келтириб ўрнатилди.
– Келгусида корхонамиз фаолиятини янада такомиллаштириш ва шу асосда янада кўпроқ иш ўринлари яратиш, шунингдек, маҳсулотларимизни экспорт қилишни режалаштирганмиз, – дейди корхона иш бошқарувчиси Набира Қурбонбоева.
Корхонада мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари, шунингдек, бошқа корхона-ташкилотлар учун махсус кийим-кечаклар тикилмоқда.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА