Франциянинг Париж шаҳридаги “Шателет” театрида “France Football” журнали талқини бўйича йилнинг энг яхши футболчисини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда «Олтин тўп» соврини Лионель Мессига топширилди. Мессининг ушбу совринни қўлга киритишига асосий сабаб Аргентина терма жамоаси билан Жаҳон чемпионати ва “ПСЖ” клуби билан Франция чемпионати ғолибига айлангани бўлди. Шунингдек, у жаҳон биринчилигининг энг яхши футболчиси дея эътироф этилган эди.
Месси саккизинчи маротаба «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Бу йилги ушбу соврин учун у «Манчестер Сити» аъзоси Эрлинг Ҳолланд ва “ПСЖ” ҳужумчиси Килиан Мбаппе каби футболчилар билан кураш олиб борди.
Шунингдек, аёллар орасида “энг яхши аёл футболчи” совринини «Барселона» футболчиси Айтана Бонмати қўлга киритди. У «Барселона» билан Чемпионалар лигаси, Испания терма жамоаси билан Жаҳон чемпионатини қўлга киритди. Бонмати «Олтин тўп» учун «Челси» аъзолари Сам Керр ва Милли Брайт каби аёл футболчилар билан рақобатлашди.
Шунингдек, тақдирлаш маросимида «Манчестер Сити» клуби “энг яхши эркаклар футбол жамоаси”, Эрлинг Ҳолландга эса “Герд Мюллер” (йил тўпурари) соврини топширилди. Жуд Беллингем эса мавсумнинг “энг яхши ёш футболчиси” деб топилди. Дарвозабонлар учун энг нуфузли совринлардан бири бўлган “Лев Яшин” совринини Аргентина терма жамоаси билан Жаҳон чемпионига айланган ва тарихдаги энг эсда қоларли сейвлардан бирини амалга оширган Эмилиано Мартинес қабул қилди.
“Реал Мадрид” клуби аъзоси Винисиус Жуниор “Сократес” соврини соҳибига айланди. Маълумот учун, ушбу соврин йил давомида ижтимоий ва хайрия лойиҳаларида энг кўп иштирок этган футболчига топширилади. Винисиус ирқичликка қарши курашди ва Бразилияда таълимга маблағ ажратди. У камбағал талабалар учун таълим дастури Винисиус Жуниор институтининг асосчиси ҳисобланади. 2022 йилда Винисиуснинг сармояси 335 минг еврони ташкил этган бўлса, 2023 йилда у 1 миллион евродан ошди, 2024 йилда эса 2,5 миллионга етиши кутиляпти.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА