Нукусда юнон-рум, эркин кураш ва аёллар кураши бўйича илк маротаба ўтказилаётган “New Uzbekistan” халқаро мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тилади. Мамлакатимизда спортни, шу жумладан, спорт курашларини олимпия спорт турлари сифатида оммалаштириш, ёшлар орасидан спортчиларни саралаб олиш тизимини яхшилаш, миллий терма жамоаларнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 29 июлдаги “Спорт курашларининг олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори спорт курашларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, иқтидорли спортчиларни, шу жумладан, спортчи аёлларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан жорий йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда спорт курашлари бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида республиканинг барча ҳудудларида (олимпия ва халқаро вазн тоифалари бўйича) ёшлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун, ўсмирлар ўртасида “Uzbekistan-Grand Prix”, катталар ўртасида “New Uzbekistan” халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш белгиланди.

Ушбу қарор асосида ташкил этилган мусобақада Белорусь, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Қирғиз Республикаларидан ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 300 нафардан зиёд спортчи иштирок этмоқда.

Куни кеча юнон-рум кураши бўйича ғолиблар аниқланди. Бугун эркин кураш ва аёллар кураши бўйича ғолиблар маълум бўлади. Халқаро мусобақанинг тантанали очилиш маросимида иштирокчиларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА.