Нукусда Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Оролбўйи қишлоқларида турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган аёллар қатнашган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев йиғилганларни Халқаро қишлоқ аёллари куни билан муборакбод этди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масаласи давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида бир қатор қонун, фармон ҳамда қарорлар қабул қилинди. Уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қатор имтиёзлар берилиб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳалардаги хотин-қизлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб келинмоқда.

Сўнгги икки йил мобайнида “Аёллар дафтари”га киритилган 82 минг нафардан зиёд хотин-қизнинг муаммоларини бартараф этиш учун 158,6 миллиард сўм маблағ ажратилди. Жорий йилнинг ўзида “Аёллар дафтари”га 55 минг нафардан зиёд хотин-қиз киритилиб, шундан бугунги кунгача 46 минг нафардан зиёдининг муаммолари ижобий ҳал этилди. Шунингдек, 43 минг нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 4 минг 825 нафари касб-ҳунарга ўқитилди. Тадбиркорлик билан шуғулланувчи 21 минг 750 нафар хотин-қизга 367 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Шаҳар ва туманларда ижтимоий ёрдамга муҳтож 70 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланган бўлса, 268 нафарининг уй-жойиини таъмирлашга амалий ёрдам кўрсатилди.

Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан жойларда кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, беморларнинг ҳолидан хабар олиниб, “Ҳамиша эътибордасиз!” шиори остида ижтимоий ёрдамга муҳтож аёллар, нуроний онахонлар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Шунингдек, пахта йиғим-теримида иштирок этаётган хотин-қизлар рағбатлантирилиб, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчиларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Тадбирда бир гуруҳ қишлоқ аёлларига “Ардоқли нуроний”, «Ибратли аёл” кўкрак нишонлари ҳамда ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

– Мамлакатимизда қишлоқ аёлларининг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида кенг имкониятлар яратиб берилмоқда,– дейди Қораўзак тумани Бердақ овули фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли, “Ибратли аёл” кўкрак нишони соҳибаси Замира Бекниязова. – Қишлоқ аёлларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдирамиз.

Санъат усталари ижросидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари