“Оила” илмий, ижтимоий, гуманитар ва ёшлар ташаббуслар марказининг “Бахтли оила” лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган ижтимоий буюртмалар танловида ғолиб бўлган эди.
Нукусда ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда марказ раҳбари Марат Утепбергенов йиғилганларга ушбу лойиҳанинг аҳамияти, мақсад ҳамда вазифалари, келгусидаги режалар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, Нукус шаҳрида бугунги кунда 71та маҳалла фуқаролар йиғини бўлса, шундан 64 таси ҳудудида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, нотинч ва ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш борасида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилди. Лойиҳада илгари сурилган ишларни ҳамкорликда олиб бориш, жумладан, оилаларни мустаҳкамлаш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси суди, Нукус шаҳар ҳокимлиги билан меморандум имзоланди. Шу асосда Нукус шаҳридаги 64 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида раислар, маҳалла фаоллари билан амалга ошириладиган ишлар юзасидан учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида ёшларни оилага тайёрлаш мавзусида семинарлар ўтказилди.
Қайд этиш лозимки, 2022 йилнинг 6 ойи мобайнида Нукус шаҳрида 228 та оилавий ажрим бўлган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич камайди. Лойиҳани амалга ошириш давомида оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, асосан, оилавий келишмовчиликлар, қайнона ва келин ўртасидаги можаролар, ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, рўзғордаги етишмовчиликлардан келиб чиққанлиги маълум бўлди. Оилаларни сақлаб қолиш чоралари кўрилди. Жумладан, “Оила” маркази томонидан 60 тадан зиёд ажрим ёқасидаги оила яраштирилди.
–Дарҳақиқат, мазкур лойиҳа ҳудудимизда оилавий ажримларнинг олдини олиш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштиришда муҳим аҳамият касб этди,–дейди Нукус шаҳридаги “Ақ жағис” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Гулхан Жақсимуратова. –Айниқса, оиланинг муқаддаслиги, ундаги эр-хотиннинг вазифалари юзасидан ўтказилган семинарлар ёшларда катта таассурот қолдирди. Шунинг натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳудудимизда оилавий ажримлар камайиб, ажрим ёқасидаги 4 та оила яраштирилди.
Тадбир якунида лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этган маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига ташкилотчилар томонидан ташаккурнома билдирилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари.