Юртимизда шу кунларда ҳосилдан бўшаган майдонларга совуққа чидамли тўқсонбости экинлардан пиёз, саримсоқпиёз, кўкатлар, кашнич, петрушка, салат, редиска, карам экиш ишлари олиб борилмоқда. Бу деҳқон ва фермер хўжаликларига яхши фойда ҳам келтиради.

– Бундай экинларнинг уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туман бўлими бошлиғи Акбар Козиев. – Аҳолининг сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2024 йил ҳосили учун ҳозирдан ҳаракатга киришиш, тўқсонбости экинларини ўз вақтида экиш ва агротехник тадбирларни бажариш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.

Тўрткўл туманида келгуси йил ҳосили учун 110 гектар майдонга тўқсонбости экинлари экиш кўзда тутилган. Жумладан, фермер ва деҳқон хўжаликларининг 99 гектар ер майдонига пиёз, 11 гектар майдонига саримсоқпиёз экинларини экиш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июль кунги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2-боб “д” кичик бандида Инспекциянинг асосий вазифалари ва функцияларидан бири сифатида қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш ишларини амалга ошириши белгиланган.

Юқоридаги қарор ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзагроинспекциянинг Тўрткўл туман бўлими ходимлари ҳудудларда юриб, ер тайёрлаш, уруғ танлаш ва бошқа тавсияларни берган ҳолда, фермер ва деҳқон хўжаликларининг тўқсонбости экинларини кечиктирмай экиш бўйича белгиланган тартибда мониторинг-назорат тадбирларини олиб бормоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири