Тилга эътибор – элга эътибор

Тил – бу халқнинг тарихи, маданий мероси, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарни ўзида мужассам этган бебаҳо хазина. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда она тилимизни асраб-авайлаш, уни янада бойитишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан, қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилиши, “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши қорақалпоқ тили тарихида янги босқични бошлаб берди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Қорақалпоғистон” нашриётида чоп этилган VII та жилддан иборат “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати” китобининг тақдимот маросими бўлди. Унда профессор-ўқитувчилар, тилшунос олимлар, мутахассислар, нашриёт ходимлари, талаба ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тақдимотда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси П.Дабилов, университетнинг Қорақалпоқ тил билими кафедраси профессори, филология фанлари доктори Ш.Абдиназимов, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Қорақалпоқ тил билими кафедраси доценти, филология фанлари доктори А.Пирниязова ва бошқалар сўзга чиқиб, изоҳли луғатнинг яратилиш жараёни, келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.

“Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати” китоби илк маротаба 1982-1992 йиллари Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиали Н.Дауқараев номидаги Тарих, тил ва адабиёт институти луғат ва терминология бўлими томонидан тайёрланиб,  IV та жилд нашрдан чиқарилганди.

Жамият тараққиёти билан тил ҳам ривожланиб, янги сўзлар ҳисобидан бойиб боради. Жумладан, ижтимоий-сиёсий, маданий ва иқтисодий ҳаётдаги ўзгаришлар, биринчи навбатда, тилнинг луғат таркибида ўз аксини топади. Ўтган вақт мобайнида қорақалпоқ тилида сўзнинг луғавий маъносидаги ўзгаришлар ҳисобга олинса, ушбу изоҳли луғатнинг янги нашрини яратиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этди.

Мана шундай ўзгаришлар асосида қорақалпоқ тилининг давр талабига жавоб берадиган кўп жилдлик изоҳли луғатини яратиш  ва уни нашр этиш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Республика терминология марказининг 2019 йил 7 январдаги қарори билан бошланган эди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг  2021 йил 16 июлдаги қарори билан тасдиқланган 2021-2030 йилларда қорақалпоқ тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида кўп жилдлик изоҳли луғат китобини тайёрлаб, нашр қилдириш вазифаси қўйилди. Мана шу асосда ушбу изоҳли луғатни яратиш ишлари бошланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар VII та жилддан иборат “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати” китоби тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.