Франциянинг энг нуфузли ахборот агентлиги “France Press” ўз саҳифаларида Ўзбекистон спорти, хусусан кураш тўғрисидаги таҳлилий мақолани чоп этди. “Кураш ҳаракати! Янги спортчилар ва мухлислар Осиё ўйинларида қадимий жанг санъати билан таништирилмоқда” деб номланган материалда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX Осиё ўйинларида Ўзбек спорти – кураш бўйича мусобақалар, нафақат халқаро спорт вакиллари, балки дунё жамоатчилигининг диққат марказида бўлгани таъкидланган.
Халқаро кураш ассоциацияси хабарига кўра, Ханчжоу – 2022 ўйинлари давомида кураш бўйича ўтказилган уч кунлик беллашувлар 100 дан ортиқ телерадиоканаллар, мингдан ортиқ интернет нашрлари ва бошқа кўплаб оммавий ахборот воситаларида намойиш этилди.
Мониторинг таҳлилига кўра, дунёнинг 50 дан ортиқ давлатида икки миллиардга яқин одам кураш янгиликларидан ва у орқали Ўзбекистон спортининг янгиликларидан хабардор бўлган.
Айни ҳолатлар давлатимиз раҳбари томонидан миллий спортимиз курашни ривожлантириш, уни жаҳон дурдонасига айлантириш борасида қабул қилинган қарорлар ижроси самарали кечаётганлигини англатмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА