Хитойда ўтаётган Осиё ўйинлари кундан-кунга қизғин паллага кирмоқда. Бокс бўйича 92 килограммгача вазн тоифасида кечган финал жангида ҳамюртимиз амалдаги жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалолов ва қозоғистонлик Камшибек Конкабаев олтин медаль учун ўзаро рақобатлашди.
Ушбу шиддатли беллашувга қадар Баҳодир Жалолов тожикистонлик Муҳаммад Аброриддиновни ва хитойлик Данабайк Байкузини қийинчиликсиз таслим этган эди. Боксчимиз Камшибекка қарши ўтган жангда ўзининг метин ҳимояси ва аниқ зарбалари орқали зафар қучиб, олтин медални қўлга киритди.
Шу тариқа, Баҳодир Жалолов Осиё ўйинлари ғолибига айланди. У бугунга қадар Олимпия ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатларида олтин медални қўлга киритган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА