Хитойда давом этаётган Осиё ўйинлари ўз оҳанграбоси билан дунё спорти андоза бўлмоқда. Ханчжоу-2022 тантаналари, спортчилар томонидан қайд этилаётган натижалар, унинг теграсида ўтказилаётган турли маданий тадбирлар ипга тузилган маржондек муҳташамлик касб этмоқда.

“Кичик олимпиада”га шахматнинг яна қайтиши, интеллектуал баҳслар гултожи киберспортнинг ўйинлар тизимидан жой олиши ва бошқа жиҳатлар Осиёни том маънода жаҳон спортининг марказига айлантирмоқда.

Бу ҳақда ўйинларда бевосита иштирок этган Халқаро олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзолари, журналистлар, мутахассислар бот-бот такрорламоқда. Хусусан, Халқаро олимпия қўмитаси вице-президенти кичик Хуан Антонио Самаранч “Ханчжоу-2022 олимпия ҳаракатида янги даврни бошлаб бераётгани билан маҳобатини кўрсатди. Энди Олимпия ўйинлари тизимидаги ҳар қандай комплекс мусобақа Хитой тажрибасини инобатга олиши лозим бўлади. Яна бир эътиборга молик жиҳат — ушбу ўйинлар қамрови, спорт турларининг ранг-баранглиги билан жозибасини намойиш этди. Олимпия оиласига кириши мумкин бўлган қизиқарли спорт йўналишларига ташриф қоғозини ҳам тортиқ этди,” дея таъкидлади.

Ҳақиқатан, ўйинлар тизимидан ўрин олган 12 та ноолимпия спорт турларининг кўпчилиги гарчи аввалдан қитъа ўйинларидан жой олган бўлса-да, бу галги Осиё баҳсларида янада ёрқинроқ кўриниш олди. Улар сафида миллий спортимиз курашнинг борлиги, ўзбекона ибораларнинг Хитой майдонлари узра жаҳонга кенг ёйилиши, Осиё ёшларини ғолиблик йўлида бирлаштириши Ўзбекистон учун, халқимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори учун янада катта аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кураш орқали “тўхта”, “ёнбош”, “чала”, “танбеҳ”, “гилам”, “ҳалол”, “таъзим” каби соф ўзбекона сўзлар энди дунё майдонларида баралла янграйверади.

Бевосита Осиё ўйинларининг кеча, ортда қолган мусобақалар сарҳисобига тўхталадиган бўлсак, Хитой вакиллари ҳамон пешқадамлик қилмоқда. Улар бугунгача медаллари сонини 167 тага етказишга маваффақ бўлди. 90 та олтин, 51 та кумуш ва 26 та бронза Чин юртини 19-Осиё ўйинларининг якка етакчисига айлантирди. Улардан кейинги ўринда бораётган Жанубий Корея вакиллари 24-23-39 та медалга эгалик қилиб турган бўлса, японлар 18-30-30 та совринли ўринни қўлга киритган ҳолда кучли учликка якун ясаган.

Ушбу учта давлатдан ортда қолаётган қолган барча жамоалар 30 тадан 20 тагача бўлган медаллар шодасини қўлга киритган. 4-ўриндан мустаҳкам ўрин олишга ҳаракат қилаётган ҳамюртларимиз 6-10-15, жами 31 та, ҳиндистонликлар 6-8-11, таиландликлар 6-3-9, гонконгликлар 5-12-15, Хитой тайпейиликлар 4-4-6 та совринли ўринни қўлга киритган. Шунингдек, кучли бешлик довонига чиқиш учун курашаётган Эрон, Шимолий Корея, Қозоғистон, Индонезия жамолари ҳозиргача 3 тадан олтин медалларни ўз “сандиқча”ларига жойлашга мушарраф бўлган.

Ханчжоу-2022 медаллари учун қизғин беллашувларнинг ҳали ўн куни олдинда кутиб турганлигини назарда тутсак, умумжамоаларнинг жойлашув “об-ҳаво”си ўзгариши эҳтимолдан йироқ эмаслиги ойдинлашади.

Спортда ғалаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён юради. Олдинда Осиё ўйинларининг кураш, оғир атлетика, бокс, эркин, юнон-рум ва аёллар кураши, футбол, велоспорт каби яна ўнлаб турларида ҳали олтину кумушлар, бронза медаллари ўз соҳибларини кутиб турганлигини инбатга олсак, нафақат спортчиларимиз, балки бошқалар учун ҳам мусобақаларнинг оддий саралаши ҳам финал даражасида кечиши тайин. Бундай машаққатли дамларда ҳамюртларимизнинг кучлилигига ишонамизу, аммо, омадли бўлишгаям кўп нарса боғлиқлигини ёддан чиқармаймиз. Умидимиз, омад тулпори олов қалб спортчиларимизга ҳамиша ҳамроҳлик қилсин.

Бугун 29 сентябрь куни эса Осиё қитъаси спортчилари Ханчожу ўйинларининг бир қатор спорт турларида, жумладан, триатлонда терма жамоамиз аъзоси Александр Куришов ва Арслон Турсунов финал баҳсида, қиличбоз қизларимиз сабля йўналишининг чорак финалида Сингапур жамоаси билан, “мушкетёр” йигитларимиз шпага мусобақасининг нимчорак баҳсида Қирғизистон билан куч синашади. 50 метрга брасс усулида сузиш мусобақаларининг саралашида Беҳруз Аҳтамов, 400 метрга эркин сузишда Егор Петряков ўз омадини синаб кўради. Боксчиларимиздан Тўрабек Ҳабибуллаев, Лазизбек Муллажонов, Сабина Бобоқулова, Ситора Турдибекова навбатдаги жангларини ўтказади.

Бундан ташқари, велоспорт, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, киберспорт, гандбол, баксетбол мусобақаларида ватанимиз спортчилари Осиё ўйинларидаги мусобақаларда қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, бугун 29 сентябрь куни Осиё ўйинлари дастуридаги 11 та спорт туриниг бир қатор йўналишларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА