Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида XIX Осиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Спорт ишқибозларининг Осиё ўйинларига бўлган қизиқиши йилдан-йилга ортиб бораётир. Ушбу спорт беллашувлари мамлакатлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаб, қитъамизда спорт нечоғли ривожланиб бораётганини ифода этади.

Осиё Олимпия кенгаши шафелигида ўтказиб келинаётган ушбу  Осиё ўйинлари тарихида энг кўп иштирокчини, жамлади, аниқроқ айтадиган бўлсак, бу галги ўйинларда қитъанинг 45 давлатидан 12 минг 417 нафар спортчи иштирок этмоқда.

Тўрт йилликнинг энг нуфузли комплекс ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 38 спорт тури бўйича 370 нафардан зиёд спортчи билан иштирок этиб, 32 та олимпия, 6 та ноолимпия спорт турларидаги қитъа ўйинлари медаллари учун кураш олиб боради.

Ханчжоу шаҳридаги марказий стадионда очилиш маросими тантаналари бошланди.

Ханчжоудаги Осиё ўйинларининг очилиш маросими «оддийлик, хавфсизлик ва қизиқарлилик» талабларига жавоб берди ва бой тарихий,  маданий меросни ўз ичига олди.

Очилиш маросимининг умумий мавзуси режиссёрлар томонидан «Осиё тўлқини» деб белгиланди. Бунга сабаб — Хитой янги даврда Осиё ва дунё билан интеграциялашиб, тўлқин каби олға интилмоқда.

Маросимнинг энг ҳаяжонли ва қизиқарли қисми – бу мусобақаларда иштирок этадиган мамлакатлар спорт делегацияларининг паради бўлди.

…Марказий стадионга Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини баланд тутган машҳур спортчиларимиз –  дзюдо бўйича жаҳон чемпиони Музаффарбек Тўрабоев ҳамда қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори Зайнаб Дайибекова кириб келди. Байроғимиз ортидан одимлаётган спортчи қизларимиз, алпқомат йигитларимиз орасида нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз довруғини ёяётган Олимпия ва жаҳон чемпионлари, қитъада тенгсиз бўлган спортчиларимиз стадионга кириб келди. Уларнинг қаддини баланд тутиши ва ўз кучига бўлган ишончи янги марраларни забт этишга аҳд қилганидан далолат беради.

…Стадионда қитъамизнинг 45 мамлакати спортчилари саф тортди.

Осиё ўйинлари мадҳияси янграб, XIX ёзги Осиё ўйинлари байроғи кўтарилди.  Спортчилар ва ҳакамлар қасамёд қабул қилди. Ўйинларнинг муваффақиятли ўтиши, халқлар ўртасида тинчлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик рамзи сифатида машъалани ёқиш очилиш маросимининг энг ҳаяжонли дамлари бўлди.

Ҳа, ушбу қитъа ўйинларида мамлакатимиз спортчилари улкан марраларни забт этиб, юрт байроғини янада юксакларга кўтаради, дея уларга омад тилаймиз.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА