XIX ёзги Осиё ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегацияси Хитойга жўнаб кетди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтадиган XIX ёзги Осиё ўйинларида ватанимиз спорт шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон спорт делегациясини тантанали кузатиш маросими ташкил этилди.
Президентимизнинг 2022 йил 5 майдаги “2023 йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX Осиё ўйинлари ва IV Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига асосан терма жамоалар, алоҳида спортчилар қитъа ўйинларида муносиб натижаларга эришишлари учун барча шарт-шароитлар тўла-тўкис яратиб берилди. Шу асосда спортчиларимиз белгиланган дастур ва режалар асосида шуғулланишди. Мусобақалар, саралаш турнирлари, чемпионатларда иштирок этиб, Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришди.
Спортчиларни қитъа ўйинларига кузатиш маросимида иштирок этган ҳукумат ва кенг жамоатчилик вакиллари делегациямиз аъзоларига Ўзбекистон шарафини улуғлашдек муқаддас вазифани сидқидилдан уддалашига тилак билдирди.
“Кичик олимпиада”га тайёргарлик кўрган спортчилар, уларнинг мураббийлари, оила аъзоларига ҳар томонлама кўмак бериш, машғулотлар узлуксизлигини таъминлаш учун барча қулайликларни яратиш борасида амалга оширилган тизимли ишлар туфайли ўтган давр мобайнида ўтказилган жаҳон ва қитъа чемпионатларида юксак натижаларга эришилди.
“Ханчжоу-2022” ўйинларининг қиличбозлик мусобақаларида иштирок этадиган спортчимиз Зайнаб Дайибекова бу галги баҳслар ўзбекистонлик спортчилар учун “Париж-2024” Олимпиадаси олдидан муҳим мусобақа эканлигини таъкидлаб, Янги Ўзбекистоннинг ёшлари янги ғалабалар билан қайтишга муносиблигини ва бу йўлда фидойилик кўрсатишини билдириб ўтди.
Осиё ўйинлари тарихида энг кўп иштирокчини жамлайдиган бу галги ўйинларда қитъанинг 45 та давлатидан 12 минг 417 нафар спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Тўрт йилликнинг энг нуфузли комплекс ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 38 та спорт тури бўйича 370 нафардан зиёд спортчи билан иштирок этиб, 32 та олимпия, 6 та ноолимпия спорт турларидаги қитъа ўйинлари медаллари учун кураш олиб боради.
“Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларининг Ўзбекистон учун яна бир ўзига хос жиҳати, қитъа курашчилари байроғимиздан улгу олган либосларда, шунингдек, чала, ёнбош, ҳалол каби соф ўзбекча сўзлар жарангида беллашишади.
Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, уларнинг мураббийлари ва бошқа мутахассислар маълум миқдордаги пул мукофотлари билан рағбатлантирилиши назарда тутилган.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Икромов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Б.Махситов иштирок этди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА