Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Тожикистонга боради ва фахрий меҳмон бўлиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 14-15 сентябрь кунлари Душанбеда бўладиган учрашувида иштирок этади.

Бу ҳақда ТАСС агентлигига Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги вакили маълум қилди.

Тадбир дастурига кўра, И.Алиевнинг Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан икки томонлама учрашуви ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммитида нутқ сўзлаши режаланган.

2018 йилдан бери ўтказиб келинаётган бу форматдаги учрашувда Марказий Осиё таркибига кирмайдиган давлат раҳбарининг қатнашиши кузатилмаган, бироқ, олий давлат лавозимида бўлмаган вакилнинг учрашувда иштирок этгани қайд этилган. Масалан, Остонада ўтган биринчи йиғилишда Туркманистонни ўша пайтдаги парламент спикери Акжа Нурбердиева тамсил этган.

2019 йил Тошкентдаги учрашувда Қозоғистон собиқ Президенти Нурсултон Назарбоев қатнашган.

Пандемия муносабати билан 2020 йил очиқ саммит ўтказилмаган.

2021-2022 йилларда Туркманистон ва Қирғизистонда беш мамлакат президентлари тўлиқ иштирок этган.

 

ЎзА