Ўзбекистон мустақиллиги байрами кунида Хитойнинг миллий ипак музейида “Ранг-баранг Осиё: Осиё костюмлари” кўргазмаси очилди. Хачжой шаҳрида сентябрь ойида очиладиган XIX Осиё ўйинлари муносабати билан Халқаро музейлар кенгашининг Осиё-Тинч океани иттифоқи (ICOM ASPAS) қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилган кўргазмада Хитой, Корея, Япония, Таиланд, Индонезия, Малайзия, Бутан, Лаос, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Бирлашган Араб амирликлари, Сурия, Исроил, Туркия, Фаластин давлатларининг маданий мерос намуналари намойишга қўйилди.
– Кўргазма географик жиҳатдан Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё, Марказий Осиё ва Ғарбий Осиё бўлимларига бўлинган, – дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов. – Унда XVIII-XX асрларга оид бўлган Осиёнинг анъанавий кийим-кечак санъати билан танишиш имкони мавжуд. Шу билан бирга кўргазмани томоша қилар экансиз Осиёдаги нафис, хилма-хил ва гибрид кийим тикиш услублари ҳақида билиб олиши мумкин. Кўргазмага Ўзбекистон ва Таиланд музейлари ходимлари таклиф этилди. Ўзбекистондан Самарқанд давлат музей қўриқхонаси ва Ўзбекистон давлат санъат музейи ўз ашёлари билан иштирок этмоқда.
Кўргазманинг Ўрта Осиёга бағишланган бўлимида асосий жойни Буюк ипак йўлининг маркази бўлган Ўзбекистонга тегишли ашёлар эгаллади. Бинобарин, Ўзбекистон уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга ва қарийб икки минг йил давомида Буюк Ипак йўлидаги савдода асосий ролни ўйнаган давлат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Буюк Ипак йўлида жойлашган барча мамлакатлар маданияти намуналарининг энг яхшиларини ўзлаштирган ва натижада ўзига хос ноёб маданият шаклланган.
Ушбу маданият намуналари ҳозирги вақтда юртимиздаги 100 дан ортиқ музейда сақланмоқда ва намойиш этилмоқда. Кўргазмада Ўзбекистондан 20 дона музей ашёлари олиб борилди. Улардан 16 донаси Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси, 4 донаси Ўзбекистон давлат санъат музейига тегишлидир. Жумладан, эркаклар ва аёллар чопонлари, оёқ кийимлари (махси), кашта, заргарлик буюмлари мавжуд.
Кўргазма жорий йилнинг 12 ноябригача давом этади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА