Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессияси Нью-Йорк шаҳрида иш бошлайди. Сессия кун тартибида асосий халқаро муаммолар ва инқирозлар, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланишни таъминлаш, ривожланаётган мамлакатларнинг қарздорлик муаммоларини ҳал этиш масалалари ўрин олган.

ТАСС агентлиги хабар беришича, Бош ассамблеянинг юқори даражадаги ҳафтаси 19-25 сентябрь кунларига тўғри келади. Дунё мамлакатлари етакчилари ҳамда Ташқи ишлар вазирлари халқаро вазият ва глобал муаммоларга қарши кураш масалаларида ўз қарашларини тақдим этадилар.

Олий даражадаги ҳафта Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силванинг чиқиши билан бошланади. Ундан кейин АҚШ раҳбари Жо Байден сўз олади.

Бу йилги Бош ассамблея сессияси ишида Россия, Буюк Британия, Хитой, Франция етакчиларининг иштирок этишлари режаланмаган.

Бош ассамблеяда Украина Президенти Владимир Зеленский иштирок этади.

20 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Украина бўйича йиғилишини ўтказади.

Олий даражадаги ҳафталик доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ташаббуси билан барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича саммит ўтказилади.

 

Аброр ХОН, ЎзА