Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясининг Президент Саломе Зурабишвилига нисбатан импичмент бошлаш тўғрисидаги қарорини адолатли, деб атади. “РИА Новости” хабар беришича¸ аввалроқ ҳукмрон партия ҳукуматдан рад жавобини олмаслигига қарамай, у хорижий сафарларини давом эттирган.
– Афсуски, Президент очиқдан-очиқ қонунни бузмоқда, – деди Бош вазир. – Биз ибрат кўрсатишимиз, умуман, қонун ҳимоячиси бўлмоғимиз керак. Ҳукмрон партиянинг қарори қатъиян адолатли.
Айтишича, у бир ой аввал шахсан президентга хорижий сафарларни бекор қилиш учун расмий ҳужжат йўллаган.
– Бунга Зурабишвилининг парламентдаги чиқиши сабаб, – таъкидлаган Гарибашвили. – Президент ҳукуматни Европа тавсияларини бажармасликда айблади. Грузия ҳануз Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини олмаган.
Импичмент жараёнини бошлаш учун депутатларнинг камида учдан бир қисми ёзма мурожаат қилиши лозим. Давлат раҳбарини лавозимидан четлатиш учун юз нафар депутат қўллаб-қувватлаши керак. Парламентдаги 150 депутат орасида ҳукмрон партия тарафдорлари 84 нафарни ташкил қилади.
Аввалроқ Грузия ҳукумати Зурабишвилининг 10 хорижий давлат, жумладан, Германия, Украина, Исроил ва Бирлашган Араб Амирликларига боришига тўсқинлик қилган эди.
ЎзА