Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев фармони билан бешта янги вазирлик ташкил этилди. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.
“Тоқаев имзолаган бешта янги вазирлик ташкил этилиши тўғрисидаги фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси таркибида Сув ресурслари ва ирригация, Транспорт, Туризм ва спорт, Маданият ва ахборот, Саноат ва қурилиш вазирликлари пайдо бўлади”, дейилади хабарда.
Давлат раҳбарининг яна бир фармони билан ички ишлар, савдо ва интеграция, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, ахборот ва жамиятни ривожлантириш, маданият ва спорт ҳамда экология ва табиий ресурслар вазирлари эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган.
Аввалроқ Президент маъмуриятида ўзгариш амалга оширилган. Раҳбар ўринбосари лавозими бекор қилиниб, ички сиёсат ва коммуникация, иқтисодий, халқаро, ҳуқуқ, фан ва инновация масалалари бўйича ёрдамчи лавозимлари ташкил этилган эди.
ЎзА