Хабарга кўра, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигига “TikTok” ижтимоий тармоғининг болалар ақлий ривожланиши ва саломатлигига салбий ва зарарли таъсиридан хавотирли мурожаатлар сони ортиб бормоқда.
Қайд этилишича, “TikTok” фойдаланувчини қисқа лавҳалар виртуал оламига чўмдиради, баъзи ўсмирлар у ёки бу клипларни такрорлашга уриниб кўришмоқда. Қисқа видеолавҳалар ичида болалар ҳаётига хавф туғдирадиганлари ҳам етарлича. Бундан ташқари, болаларнинг эндигина шаклланиб келаётган психикаси ҳали барқарор эмас бўлиб, бундай хавфли видеолавҳалар ўсиб бораётган авлоднинг ҳиссий ҳолатига салбий таъсир қилади.
Шу муносабат билан Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги томонидан мазкур ижтимоий тармоқ контенти мониторинги ўтказилиб, мониторинг давомида “TikTok” платформасидан фойдаланишда болалар саломатлиги ва ривожланишига зарар етказувчи ахборот чекловлари, шунингдек, ёш тоифасини бошқариш функциялари киритилмаганлиги аниқланган.
Кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда ва ўтказилган мониторинг асосида Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги Қирғизистон Республикаси ҳудудида “TikTok” хизматини тарқатишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Қарор Қирғизистон Республикаси қонунлари доирасида келгусида амалга ошириш учун мамлакат Рақамли ривожланиш вазирлигига юборилди.
Жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистонда ҳам депутатлар томонидан болалар ва ўсмирлар ўртасида “TikTok” ижтимоий тармоғини тақиқлаш таклиф қилинганди. Маълумот учун, мазкур ижтимоий тармоқ Ўзбекистонда ҳам тақиқланган.
М.Турдалиева ЎзА