Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқи амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиш, жисмоний шахслар томонидан қурилган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш орқали аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 июлдаги  “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида” ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди.

Давлат кадастрлари палатаси раиси ўринбосари Р.Нишанов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси масъуллари ҳамда туман, шаҳар ишчи гуруҳлари томонидан фармон ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Тўрткўл, Нукус, Хўжайли туманларидаги штабларда бўлди.

Соҳа мутахассисларига фармон мазмун-моҳияти ҳамда ижроси давомида юзага келаётган саволларга  батафсил тушунча берилди.

Хўжайли ва Тахиатош туманлари ҳокимликларида тегишли соҳа мутахассислари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Президент фармони ва унинг ижроси бўйича туманлар штаб масъуллари, идора ва ташкилот мутахассислари томонидан уй-жойларга мулк ҳуқуқини эътироф этишда тегишли хулосаларни ўрнатилган тартибда туман ва республика штабига тақдим қилиш ҳолати муҳокама қилинди. Шунингдек, ер участкасига ижара ҳуқуқи ва уй-жойга мулк ҳуқуқини эътироф қилиш, қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларни бузмаслик, фуқароларнинг ҳаётига хавф туғдирмаслик ҳамда бошқа масалалар юзасидан кадастр ходимлари, шунингдек, масъулларга топшириқлар берилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА