Қорақалпоғистонлик Муқаддас Аллаберганова ҳам замон билан ҳамнафас қишлоқ аёлларидан. У Амударё тумани Қиличбой овулида истиқомат қилади. Қаҳрамонимиз овулдаги 83-умумтаълим мактабида ўзбек тили ва адабиёти ҳамда қорақалпоқ тили фанларидан дарс беради. Айни кунларда таътил вақти бўлишига қарамай, ўқувчилари билан мушоира кечаларини ўтказиб, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этмоқда.
Бундан ташқари Муқаддас опа уй юмушларидан бўш вақтида тўқиш ва бичиш ишлари билан ҳам машғул. Уни моҳир тўқувчи, деб бемалол айтса бўлади. Ҳунари ортидан яхшигина даромад ҳам топмоқда. Шунингдек, опа ёшларга ўз ҳунари сир-асрорларини ўргатиб, “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттирмоқда.
Биз таъриф бераётган оддий қишлоқ аёли, шунингдек, китоб ўқишдан, ўз билими ва тажрибасини оширишдан асло чарчамайди. Муқаддас опанинг шахсий кутубхонасида 2000 дан зиёд турли бадиий ва илмий адабиётлар жамланмаси мавжуд.
Ўз касбига сидқидилдан меҳр қўйиб, келажак авлоднинг нафақат билимини, балки, дунёқарашини ҳам ўстиришга, уларга касб ва ҳунар ўргатиб, истеъдодини юзага чиқаришга ҳисса қўшаётган бу аёл оилада оналик вазифасини ҳам бекаму-кўст бажариб келмоқда. Шогирдлари билан шуғулланиб бўлгач, тандирда нон ёпади, томорқа ишлари билан шуғулланади, сигир соғади. Турмуш ўртоғи билан биргаликда барпо қилган мўъжазгина боғда ёз ва куз фаслининг сархил меваларини териб қишга озуқа ғамлайди. Меҳнатдан қўллари асло чарчамайди. Ўз меҳнатинг билан топган нон дунёдаги энг тотли неъмат эканлигини билади. Асосийси, у ўзини дунёдаги энг бахтли инсон, деб билади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА