Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши белгиланмоқда. Шунингдек, алоҳида ҳолларда Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Олий суднинг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилиниши ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Фракция аъзолари ушбу ўзгартишларнинг моҳияти ҳамда аҳамияти борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Уларнинг фикрича, қонун кучга кирса, иқтисодий судлар фаолиятида сифат ўзгаришлари юз бериши учун ҳуқуқий асос янада мустаҳкамланади, адолат ва қонун устуворлигига хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, халқ вакиллари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА