Бетакрор заминимизда 130 дан зиёд миллат, элат вакиллари ўзаро тинч, аҳил яшаб келмоқда. Уларнинг қалбларидаги шукроналик, Ватанга, эл-юртимизга чексиз муҳаббат туйғуси “30 июль – Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирларида яна бир бор намоён бўлди.
Турли миллат вакилларига нисбатан кучли ишонч, чексиз ҳурмат-эътиборнинг амалдаги исботи сифатида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йилдан буён диёримизда ушбу сана катта байрам сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Бу йилги тадбирлар ҳар қачонгидан ўзгача – файзли, кўтаринки кайфиятда ўтди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан 27-30 июль кунлари “Дўстлик фестивали” ўтказилди.
Тўрт кун давом этган анжуман “Дўстлик оҳанглари” номли концерт билан ниҳоясига етди.
Пойтахтимиздаги Марказий боғда ташкил этилган дастурда таниқли, истеъдодли хонандаларимиз, Миллий маданий марказлар ҳаваскор гуруҳлари иштирокида гала-концерт намойиш этилди.
Таъкидланганидек, “Дўстлик” фестивали миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, турли халқлар маданиятини намойиш этиш, хорижий мамлакатлар, жумладан, қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч муҳитини янада яхшилаш, чет элдаги ватандошларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга.
Бу йилги тадбирларда, айниқса, ёшлар фаол иштирок этди. Қувонарлиси, фестиваль ёшларни умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, турли миллатлар қадриятларига ҳурмат руҳида тарбиялашга, шунингдек, самимий дўстлик ғояларини тарғиб қилишга хизмат қилади.
Концертда эстрада хонандалари, миллий маданий марказлар ҳаваскор жамоалари томонидан Ватан, она, муҳаббат, тинчлик, бағрикенгликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Гўзал Сатторова,
Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА