Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси давлат мустақиллигининг илк йилларида қабул қилинган “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун, шунингдек, тармоқ ва соҳалар бўйича қабул қилинган қарорлардан ташқари яна 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солиб келинмоқда.

Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини тўлиқ қамраб оладиган ягона қонун ҳужжати мавжуд эмас. Қонун ташаббускорларининг фикрича, соҳадаги жараёнларни тартибга солиш билан боғлиқ қонуности ҳужжатларининг кўплиги, улар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги сабабли ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасида давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари, давлат кўчмас мулк объектлари, шу жумладан мулкий мажмуалар, давлат улушлари хусусийлаштириладиган давлат мулки объектлари ҳисобланиши ҳамда давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкидан ташқари, давлат мулки тўлиқ ёки қисман хусусийлаштирилиши аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Йиғилишда халқ вакиллари тўғридан-тўғри ишлайдиган ягона қонун ҳужжати ишлаб чиқилиши бугунги кун зарурати эканини, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали соҳадаги қонуности ҳужжатларидаги зиддиятли вазиятлар бартараф этилишини таъкидлади.

Муҳокамалар давомида қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва тавсиялар берилиб, қўллаб-қувватланди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА