Мамлакатимизда дунёнинг турли нуқталаридан келаётган сайёҳлар оқими тобора ошмоқда. Сабаби оддий, туризм тармоғи ривожланмоқда, хизмат кўрсатиш сифати ўсиб, аҳолининг турмуш даражаси юксалмоқда.

Бунда тижорат банклари ишбилармонларнинг энг ишончли молиявий манбаи ва ҳамкорига айланаётгани эътиборга молик. Биргина мисол, юртимизнинг Фарғона вилояти сўлим табиати, меҳмоннавоз халқи, ўзига хос яшаш тарзи, ҳунармандчилик қадриятлари ва анъаналари билан хорижликлар эътибори марказида. Шу боис айнан мазкур ҳудуднинг туристик салоҳияти ва имкониятлари янада кенгайиб бораётганини кузатиш мумкин.

Хусусан, “Rohat baraka servis” МЧЖ га Ўзмиллийбанкнинг Фарғона вилояти бош бошқармаси томонидан беш қаватли 100 ўринли меҳмонхонани жиҳозлаш мақсадида 2018 йилда 700 миллион сўмлик кредит маблағи ажратилган эди. 2021 йилнинг якуни билан ишга туширилган ушбу лойиҳа натижасида 15 янги иш ўрни ташкил этилди. Асосийси, беш қаватли бинонинг биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ҳамда ресторан бўлса, қолган қаватлари меҳмонхона биносидан иборат.

– Халқимиз меҳнатсевар, ҳунарманд ва меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Шу боис йилдан-йилга сайёҳлар сони ошиб, меҳмонхона хизматига бўлган талаб ортиб бормоқда, – дейди муассаса раҳбари Насриддин Жамолиддинов. – Сўнгги пайтларда ички туризмнинг ривожлантирилиши ҳисобига ҳам хизматлар соҳасини вилоятда янада ўсишига туртки бўляпти. Бу эса ўз-ўзидан тадбиркорлар учун янги режалар туғилиши ва янги мақсадларни амалга ошириш имконини юзага келтирмоқда. Биз ҳам аввалига ўз маблағимиз ҳисобидан кичикроқ меҳмонхона хизматини режалаштирган бўлсак, Ўзмиллийбанк ажратган кредит билан лойиҳамизни янада кенгайтирдик. 100 ўринга мўлжалланган меҳмонхонамиз бугун 24 соат сайёҳлар хизматига шай.

Ҳудудда бу йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалар кўп. Масалан, хориждан келган сайёҳлар учун нафақат меҳмонхона, шу билан бирга, йўловчи ташиш хизмати ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис “Ўзмиллийбанк” Фарғона вилояти бош бошsармаси томонидан “Yolovchi tashuvchi” МЧЖ номига 2021 йилда ишлаб чиқарилган 8 дона “Газ – А65R33-60” русумли йўловчи ташиш автотранспорт воситасини сотиб олиши учун 1 984 000.000 сўм маблағ ажратилди. Натижада 14 янги иш ўрни яратилди.

Таъкидлаш жоиз, бугун Фарғона вилоятида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун ўзига хос туристик инфраструктура ташкил этилган. Шундан ҳар бир фасли бетакрор бу ҳудуддан туристларнинг қадами узилмайди. Асосийси, водийлик ишбилармонлар бу борада янгидан янги имкониятларни изламоқда. Ўзмиллийбанк эса бу борада тадбиркорларнинг энг ишончли молиявий ҳамкори сифатида ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида муносиб улуш қўшмоқда.

“Ўзмиллийбанк”АЖ

Матбуот хизмати

ЎзА