Хабар берганимиздек, 2 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот жамғармасига эга мазкур турнирда дунёнинг 56 нафар энг кучли шахматчилари 3 та дивизионга бўлинган ҳолда ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Ўтган йилги «Chess Kid» кубоги натижаларига кўра, 4 нафар гроссмейстер «Aimchess Rapid» онлайн турнирининг 1 дивизионида дона сурмоқда.

Кеча ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов америкалик Уэсли Со билан куч синашди. 1 ва 2-турларда дуранг қайд этилган басҳнинг 3-турида Уэслининг қўли баланд келди. 4 ва 5-турларда эса Нодирбек АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Сони мағлубиятга учратди. Ҳисоб 3:2 кўринишида Абдусатторов фойдасига ҳал бўлди.

Энди Нодирбек ярим финалда Владимир Федосеевни доғда қолдирган Левон Аронянга қарши баҳс юритади. Абдусатторов-Аронян қарама-қаршилигида зафар қозонган шахматчи Фабиано Каруана-Магнус Карлсен “дуэли”нинг кучлиси билан рўбарў келади.

Эслатиб ўтамиз, «Aimchess Rapid» онлайн турнири 1 дивизиондаги тўртинчи босқич ўйинлари 14 июлга қадар давом этади. 4-босқич мусобақаларининг мукофот жамғармаси 235 минг АҚШ долларидан иборат бўлиб, 1 дивизионда ғолибликка эришган шахматчи 30 минг, 2-ўрин соҳиби 20 минг, 3-ўринни эгаллаган спортчи 15 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот соҳибига айланади.

2 дивизионда биринчи ўринга эга чиққан шахматчига 10 минг, 3 дивизионда етакчилик қилган гроссмейстерга 5 минг АҚШ доллари тақдим этилади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА