2023/2024 ўқув йили учун Самарқанд давлат чет тиллар институтида жами 3207 та қабул квотаси (шундан 558 та давлат гранти) белгиланди. Жумладан, бакалавр кундузги таълим шаклида бу йил 490 нафар абитуриент давлат гранти асосида, 1555 нафари эса тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилиниши кўзда тутилган. Шунингдек, кечки таълим шаклига 950 ўрин, магистратурага 212 ўрин ажратилмоқда.

Янги ўқув йили қабули билан боғлиқ шу каби маълумотлар институт масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

– Шу пайтгача институтимизда 17 та бакалавр таълим йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланар эди, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти қабул комиссияси масъул котиби Отабек Ғайбуллаев. – Бу йил эса ушбу таълим йўналишлар қаторига ўзга тилли гуруҳларда рус тили, филология ва тилларни ўқитиш: турк тили ҳамда филология ва тилларни ўқитиш: рус тили (сиртқи) қўшилди. 14 та магистратура мутахассисликлари эса бу йил рус тили қўшилиб биттага кўпайди.

Самарқанд давлат чет тиллар институтининг профессионал ва олий таълим кампусини ташкил этиш орқали ҳудудларнинг иқтисодиёт тармоқлари учун замонавий билимларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Нарпай ва Пайариқ туманларида “Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (инглиз тили)” ҳамда “Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили” таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашга ихтисослашган хорижий тиллар факультетлари ташкил этилганди. Ўтган йил ушбу факультетларнинг ҳар бирига 75 тадан қабул квотаси белгиланганди. Бу йил эса 100 тадан ўрин (18 та грант, 82 та тўлов-шартнома) ажратилди.

Институтда қабул жараёнларини муваффақиятли ташкил этиш мақсадида Cаll-марказ ҳамда маслаҳат марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериб келинмоқда.

Яқин орада Самарқанд давлат чет тиллар институтида Туркиянинг Меҳмет Акиф Эрсой университети билан ҳамкорликда Турк тилини ўқитиш бўйича, Испаниянинг Кастилла-Ла Манча университети билан ҳамкорликда испан тилини ўқитиш бўйича 2+2 қўшма таълим дастурларини ташкил этиш режалаштирилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА