Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида UNESСOнинг “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида бандлик кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳаси раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда UNESСO билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ўртасида ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Меҳмонлар Кенгаш ҳузурида ташкил этилган “Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази” фаолияти билан танишиб, ўқув хоналари, тингловчилар учун ташкил этилган меҳмонхона ҳамда ўқув тарқатма қўлланмаларини кўздан кечирди. Шунингдек, яратилган тажриба майдонларида бўлиб, техникалар, мини-техникалар, иссиқхона, боғдорчилик, сабзавотчилик, полизчилик, чорвачилик ва паррандачилик мажмуаларини фаолияти билан танишди.
Учрашувда “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида бандлик кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ҳудудларни табиий иқлим шароитига мослашган маҳсулотлар етиштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, шоличилик Қорақалпоғистон Республикасида, чорвачилик Хоразмда, иссиқхона-кўчатчилик Бухорода, боғ-сабзавотчилик Сурхондарёда ташаббускор фермер хўжаликларида тажриба тариқасида амалга оширилади. Шунингдек, Тошкент вилоятида кўп тармоқли фермер хўжаликлари раҳбарларини малакаси оширилади.
– Лойиҳага кўра ҳудудлардаги агар соҳа вакиллари учун фермер хўжаликларида доимий фаолият юритувчи амалий-ўқув масканлари ташкил этилади, – дейди “Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази” директори Мирзоҳид Йўлдошев. – Бунда ҳудудларда ташкил этиладиган амалий-ўқув масканларини моддий техника базаси бойитилади. Ривожланган давлатларда ташкил этилган мазкур масканлар фаолияти билан тажриба алмашинади. Ташриф якунида томонлар мамлакатимизнинг белгиланган ҳудудларида ҳамкорлик тадбирларини ташкил этишга келишиб олди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА