Украина Президенти Владимир Зеленский ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган Альянс саммити арафасида телефон орқали позицияларни ўзаро мувофиқлаштириб олишди.
– Зеленский Украинанинг иттифоққа интилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган доимий шахсий саъй-ҳаракати учун Столтенбергга миннатдорлик билдирди, – деб ёзган Украина етакчиси матбуот хизмати. – Президент ва Бош котиб НАТО саммити арафасида ўз қарашларини мувофиқлаштирдилар.
Зеленский НАТО мамлакатларининг Столтенберг ваколатини яна бир йилга узайтириш қарорини олқишлади. Аввалроқ Столтенберг Украинанинг можаро пайти НАТОга кириши мумкин эмаслиги, Альянс давлатлари ва Киев буни тушунишлари зарурлигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, саммитда Украинани Шимолий Атлантика иттифоқига яқинлаштириш, Украина – НАТО кенгашини тузиш ва Киев расмийлари зиммасига ҳарбий таъминотнинг кўп йиллик дастурини ишлаб чиқиш вазифасини юклаш режалаштирилган.
Матубот хизмати хабарида, шунингдек, агар Альянс мамлакатлари раҳбарлари Украинанинг аъзолиги масаласида “жасорат кўрсатмасалар”, Зеленский саммитга бормаслиги таъкидланган.
ЎзА