“Янги Ўзбекистонда тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусида Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида Халқаро аёллар форуми бошланди.

Форумда халқаро ҳамжамиятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг барча йўналишларда ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, бу борада халқаро тажриба алмашиш, шу жумладан  хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси муҳокама қилинмоқда.

Форум хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасида эришилган ютуқлар ва ташаббусларни ўрганиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида давлатларнинг илғор тажрибаси, амалиёти ва инновацион ёндашувлари билан танишиш ҳамда кенг фойдаланиш, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби мақсадларни кўзлаб ташкил этилмоқда.

Форум 4 та пленар сессияларга бўлинган ҳолда давом этмоқда. Халқаро ва миллий экспертлар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда гендер тенглигини таъминлаш, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва қарорлар қабул қилишдаги иштироки, шунингдек инновация, таълим олишдаги имкониятларини кенгайтириш каби мавзулар муҳокама этилмоқда.

Шу билан бир қаторда, форумда оилаларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш, хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятлари ҳамда тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилади.

Форум доирасида “Янги Ўзбекистон–Аёллари қадрланган юрт” шиори остида “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” мавзуларида миллий ва хорижий экспертлар иштирокида интервьюлар ташкил этилади.

Шунингдек, халқаро эътирофга эга бўлган ўзбек брендларининг модалар намойиши, халқаро ва миллий тадбиркорлар, экспертлар иштирокида бизнес-форум ўтказилади.

Бизнес форумда чет элдан халқаро аёллар ишлаб чиқариш ва савдо федерацияси раҳбарлари, Заргарлик ва мода брендлари консультантлари, Евроосиё дизайнерлар ассоциацияси Президенти каби бизнесда катта ютуқларга эришган спикерлар ўз тажрибаларини форум иштирокчиларига улашади.

Шу билан бир қаторда халқаро ва миллий тадбиркорларнинг B2B форматдаги учрашувлари, лойиҳалар муҳокамалари ташкил этилади.

 

Назокат Усмонова,  

Алимурод Мамадаминов (сурат)  

ЎзА