Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мутасаддилари иштирокида жорий ўқув йили учун ОТМ ларга қабул масалалари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилишича, 8 та ОТМда чет тилидан ижодий имтиҳон ўтказилиши режалаштирилган. Ўқишга кириш учун фақатгина биометрик паспорт ёки ID-карта ва умумий ўрта таълим олганини тасдиқловчи ҳужжат (аттестат, диплом) талаб этилади. Рўйхатдан ўтишда 2 та танлов устуворлиги: давлат гранти ва таълим йўналиши бўйича 5 тагача таълим йўналишини танлаш мумкин.
ОТМ ларга ўқишга қабул қилишда жами 206857 нафар (43783 таси грант, 163074 таси тўлов-контракт) талаба учун ўрин ажратилади. Шундан бакалавриат учун кундузги таълим шаклига – 126714 нафар (34860 таси грант, 91854 таси контракт), сиртқи таълим шаклига – 49063 нафар (тўлиқ контракт), кечки таълим шаклига – 11125 нафар (контракт), масофавий таълим шаклига – 2825 нафар (контракт) ҳамда магистрлар тайёрлаш бўйича – 17130 нафар (8923 таси грант, 8207 таси контракт) ўрин белгиланган.
Мутахассислар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, абитуриентларнинг тест синовида тўплаган баллари тест топширганнинг эртаси кунида шахсий кабинетга жавоблар варақаси сканер қилиниб, тўғри ва нотўғри жавоблар кўрсатилган ҳолда юборилади. Талабаликка тавсия этилган ёки этилмаганлиги тўлиқ тест синовлари якунлангандан сўнг 1 ҳафта ичида эълон қилинади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА