Янги Ўзбекистонга сармоядорларни жалб қилиш бўйича улкан инвестиция сиёсати юритилиб, бюрократик қонунчилик ислоҳ қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳалар ҳамда давлат-хусусий шериклиги асосидаги лойиҳаларни бошлаган сармоядорларни ҳимоя қилиш бўйича кафолат бермоқда.

Вазирликлардаги амалдорлар ва айрим судьялар эса эскича қарашлар ва бюрократик ғоялар билан яшаб, Юртбошимизнинг ушбу ташаббусларига тўсқинлик қилмоқда ҳамда ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида ислоҳотларнинг амалга оширилишига қарши чиқмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 26 январдаги ПҚ – 102 – сонли ҳам  Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 августдаги 674-сонли  қарорига мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини ислоҳ қилиш бўйича белгиланган вазифаларини бажараётган сармоядор ва тадбиркорга нисбатан битта мажлиснинг ўзида  шошилинч равишда ноқонуний ва адолатсиз қарор чиқарилди.

Яъни, «Intermed innovation» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси Ўзбекистон аҳолисига  сифатли ва замонавий тиббий таҳлил (анализ)лар ўтказиш бўйича яқиндан кўмаклашиш мақсадида ушбу соҳага сармоя киритган.  “Тошкент шаҳрида марказлашган клиник-диагностика лабораторияси” давлат-хусусий шериклик  лойиҳасини амалга ошириш орқали 200 дан зиёд таҳлилларни замонавий усулда ўтказишни йўлга қўйган эди. Шундан 24 хил бирламчи зарурий таҳлиллар (178 поликлиникада) бепул амалга оширилмоқда эди.

Бироқ, «Intermed innovation» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасини  лицензиясидан маҳрум қилишди. Тадбиркорлик субъектининг қонуний фаолиятини тўхтатишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги  айрим мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлди.

«Intermed innovation» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси масъуллари бундан ҳамда  Тошкент  туманлараро ва  шаҳар иқтисодий ишлар бўйича судининг қароридан норозимиз.

Чунки Тошкент  иқтисодий ишлар бўйича туманлараро судида жавобгар  «Intermed innovation» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси вакилларининг иштирокисиз, фақат даъвогар – Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларининг хулосаларига асосланиб қарор чиқарилди. Судга ишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги  ўз вақтида   берилган ёзма аризамиз инобатга олинмади.

Тошкент  шаҳар иқтисодий ишлар бўйича судининг апелляция инстанциясида ҳам «Intermed innovation» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси вакиллари келтириган важлар, судга тақдим этилган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишлаш  тўғрисидаги  2020 йил 10 февралдаги №1-33К сонли шартнома, 2022 йил 24 сентябрда амалдаги Соғлиқни сақлаш вазири А. Иноятов томонидан имзоланган  Операторлик битими, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4 та буйруғи ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси, Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг  ЦКДЛ  лойиҳаси бўйича 4 та  буйруғи шаклидаги рухсатнома ҳужжатлари  эътиборга олинмади.

Суд Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тузилган  2020 йил 10 февралдаги №1-33К  (№3-сонли илова) Концессион битимга мувофиқ, ЦКДЛ лойиҳаси бўйича намуна олиш пунктлари  давлат поликлиникаларининг таркибий  бўлинмаси ҳисобланади деган бизнинг  асосий важларимизни ҳам эътиборга олмади.

“Бирламчи тиббий ёрдам давлат тиббиёт муассасалари негизида  ташкил этиладиган I и II даражадаги клиник-диагностика лабораториялари давлат поликлиникаларининг таркибий  бўлинмаси ҳисобланади”. Концессион битимнинг 1.3 бандига мувофиқ, аҳолидан  намуна ва биоматериалларни олиш, Операторга етказиб бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўзининг давлат поликлиникалари орқали амалга оширилади.

Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруқлари билан ЦКДЛ лойиҳасига бириктирилган 178 поликлиникадан ҳар бирига алоҳида лицензия олиш  талаб этилмайди ва ҳуқуқий ҳужжатлар  шартларига ҳам, соғлом ақлга ҳам тўғри келмайди.

2021 йил 14 июлдаги №ЎЗРҚ-701сонли  “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига кўра,  “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат муассасалари, башарти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошириш назарда тутилган бўлса, фаолиятнинг ушбу турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга оширишга ҳақлидир.”

Шу сабабли Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги  178 поликлиника – давлат муассасалари учун хусусий компания томонидан 178 тиббий лицензия олиш лицензия олиш тўғрисидаги қонунга зиддир.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги  178  поликлиникани қамраб олган ҳамда республикамизнинг 10 миллиондан ортиқ аҳолиси фаровонлигига таъсир кўрсатадиган бу даражадаги улкан давлат-хусусий шериклик асосидаги  инвестиция лойиҳаси бўйича 2 соат ичида  бундай  шошилинч бир марталик йиғилишнинг ўтказилиши ва  Тошкент  шаҳар иқтисодий ишлар бўйича судининг бир томонлама чиқарган қарори Президент ва қонунчилик  талабига қилган суд жараёни эмас.

Агар 2023 йилнинг 28-29 апрель кунлари бўлиб ўтган халқаро Тошкент инвестиция форумида Президентимиз томонидан берилган “Нега инвесторлар бугун амалга оширилаётган ислоҳотларни кўриб, Ўзбекистонга сармоя киритишга ҳамон шошилмаяпти ва бу қарорда уларни нима тўхтатиб турибди?” деган саволига жавоб берсак, бунда бизнинг ҳолатда жавоб аён: булар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янглиш фикрлайдиган амалдорлари ва давлатимиз Президентининг топшириқларини бажаришдан йироқ бўлган ва ҳали ҳам ўтмиш билан яшаётган мансабдорлардир.

Оператор агар вазирлик шахсий учрашувлардан қочишни тўхтатса, ахборот тарқатишнинг нолойиқ амалиётини бас қилса, ва ниҳоят, 2023 йил 12 апрель куни инвесторлар ва тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтган “Тиббиёт трансформацияси» конференциясида давлат-хусусий шериклик доирасида бирламчи бўғин тиббиёт муассасалари лабораторияларини ислоҳ қилиш бўйича барча шартнома ва келишувларни имзолаган ва ДХШ лойиҳамизни муваффақиятли амалга ошишини юқори баҳолаган Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов иштирокида ўзининг ҳуқуқий ҳамкори билан музокаралар столига ўтирса, амалдаги имзоланган шартномалар доирасида, айниқса, аҳоли учун бепул таҳлилларни тақдим этишни кенгайтириш қисмида МКДЛ лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Маълумот учун: «Intermed innovation» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси Ўзбекистонда 2010 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Хитой Халқ Республикасининг халқаро стандартларга мувофиқ тиббий ва лаборатория жиҳозларини ишлаб чиқарувчи етакчи халқаро компаниялари «Mindray Medical International Limited» ва «United Imaging»нинг, жумладан,Ўзбекистонда МКДЛ лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистондаги расмий ҳамкори ва вакили ҳисобланади.

«Intermed innovation» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси EQAS (АҚШ), RIQAS (Буюк Британия), QCMD (Буюк Британия), ФСВОК (Россия), ISO9001:2015 лаборатория хизматларининг халқаро сифат сертификатларига эга бўлиб, 2022 йилда Ўзбекистонда юксак референс лаборатория мақомини олган.

«Intermed innovation» масъулияти  чекланган жамияти қўшма корхонаси.

P.S: Хабарингиз бор, ушбу мавзуда сайтимиз орқали чиқишлар қилинди.  «Intermed innovation» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасининг юртимиз аҳолиси манфаати йўлида соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритгани, салмоқли натижаларга эришаётгани, бироқ айрим мансабдор шахсларнинг «ўйинлари» қурбони бўлаётгани қаламга олинган эди. Аммо, афсуски, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари бу чиқишларга негадир панжа орасидан қарамоқда. Агар вазирликда бирор асос бўлса, «Intermed innovation»га жавоб қайтариши керак эмасми? Мабодо инвестор ҳақиқатан ноҳақликка   учраётган бўлса,  унинг манфаатини ким ҳимоя қилади? Ваҳоланки, Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш давлат сиёсати даражасидаги масала. Шундай эмасми? Иккинчи томон фикри учун минбар беришга тайёрмиз.

 

ЎзА