Қозоғистонда мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат Осиё чемпионатида ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов 7 очко жамғарган ҳолда ғолибликка эришди.
Қитъанинг 18 та давлатидан 129 нафар шахматчи қатнашган мазкур мусобақада 21 ёшли Шамсиддин Воҳидов Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон давлатларининг етакчи шахматчиларини доғда қолдирди. Воҳидовдан кейинги ўринларни эгаллаган 6 нафар шахматчи 6,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
Ушбу турнирда иштирок этган яна бир шахматчимиз Муҳиддин Мадаминов 6 очкога эга бўлган тарзда чемпионатни 6-ўринда якунлади.
Осиё чемпионатининг аёллар ўртасидаги мусобақаларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Афрўза Ҳамдамова 6 очко қўлга киритиб, 6-ўриндан жой олди. Хотин-қизлар ўртасидаги баҳсларда 7, 5 очколи бўлган ҳиндистонлик Дивя Дешмукх ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Т. Рўзиев, ЎзА